Республикада ҳозирги кунда 726 ўринли 11 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда. Таклифларга кўра, ушбу муассасалар вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади. Бошпанасиз шахслар бу ерга ўз мурожаати, «маҳалла еттилиги» хулосаси ёки ижтимоий ходим ва профилактика инспектори кўмаги орқали жойлаштирилади.
Ҳар бир фуқаро учун алоҳида реабилитация режаси ишлаб чиқилиб, ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари белгиланади. Марказларда бандлик бўлинмалари ташкил қилиниб, тадбиркорларга бўш бинолар имтиёзли шартларда ижарага берилади.
Шунингдек, бошпанасиз шахсларга касб-ҳунар ўрганиш учун ваучерлар ажратиш, уларни ижтимоий эҳтиёжманд тоифага киритиш ва иш ўринларини захиралаш режалаштирилган. Нодавлат ташкилотлар иштирокида вақтинчалик бошпана, иссиқ овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш қамрови ҳам кенгайтирилади.
Тақдимотда одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва реабилитация қилиш механизмларини кучайтириш чоралари ҳам кўриб чиқилди. 2026 йил 1 сентябрдан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида жабрланганларни баҳолаш ва уларни тегишли хизматларга йўналтириш тизими ишга туширилади.
Бундан ташқари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази сифатида қайта ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғонадаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган аёллар ва уларнинг фарзандлари учун қўшимча 40 та ўрин яратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.