Тошкент вилоятида авиақазо оқибатларини бартараф этиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди

Тошкент вилоятида авиақазо оқибатларини бартараф этиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди

7 август куни Ўрта Чирчиқ туманида авиақидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш бўйича идоралараро комплекс ўқув машғулоти ўтказилди. Тадбир Тошкент халқаро аэропорти ташаббуси билан ташкил этилди.

Машғулот сценарийига кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида учиб келаётган йўловчи самолёти қўнишга яқинлашган вақтда алоқа узилиб, авиақазога учрагани тасаввур қилинди. Шундан сўнг самолётни қидириш, йўловчиларни қутқариш ва фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.

Машғулотга 250 га яқин мутахассис ва 25 та махсус техника жалб этилди. Унда Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аэропорти вакиллари иштирок этди.

Амалий машғулотлар давомида ёнғинни ўчириш, йўловчиларни эвакуация қилиш, жабрланганларни ҳолатига қараб саралаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни шифохоналарга етказиш ишлари бажарилди. Шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилди.

Машғулот якунлари бўйича идоралараро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. Жалб этилган куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги юқори баҳоланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.