Ўзбекистон раҳбари 23 август куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёни Қозоғистон учун тарихий воқеа, мамлакат сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини кучайтиришда муҳим босқич бўлганини таъкидлади.
Сайловларда еттита сиёсий партия иштирок этди. Янги Қурултой 145 нафар депутатдан иборат бўлиб, улар беш йил муддатга сайланади. Парламентга кириш учун партиялар 5 фоизлик сайлов тўсиғидан ўтиши лозим.
Эълон қилинган учта экзитпол натижаларига кўра, «Әділет» партияси 70,7–72,3 фоиз овоз билан ишончли ғалаба қозонган. Дастлабки маълумотларга кўра, «Ауыл», Respublica, «Ақ жол» ва Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси ҳам зарур 5 фоизлик тўсиқдан ўтган.
Экзитпол натижаларига кўра, Қозоғистон Халқ партияси ҳамда «Байтақ» яшиллар партияси парламентга кириш учун етарли овоз тўплай олмаган.
Сайловларда 12,6 миллиондан ортиқ Қозоғистон фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Жараённи 42 мамлакат ва 13 халқаро ташкилотдан 777 нафар халқаро кузатувчи кузатган.
Сайловнинг якуний натижаларини Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси белгилаши керак.
Мирзиёев фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этгани Қозоғистонда амалга оширилаётган конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганидан далолат беришини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари доирасида икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.