Давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос ҳам мустаҳкамланди. 2023 йилда «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги, 2024 йилда эса «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
«Сот ёки тушунтир» тамойили асосида 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга қисқартирилди.
Йирик активларни хусусийлаштириш жараёнида хорижий ва хусусий капитални жалб қилишга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Coca-Cola Uzbekistan 252 млн долларга, Ipoteka bank 324 млн долларга сотилди.
Самарқанд автомобиль заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи 80 млн долларга реализация қилинди.
2026 йилнинг биринчи ярмида 1,8 минг гектар ер участкаси реализация қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш бўйича мурожаатлар сони 2022 йилга нисбатан қарийб 5 баробарга кўпайди.
Кўчмас мулк соҳасида ҳам рақамлаштириш жараёни давом этмоқда. 2026 йилда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги янги қонун қабул қилиниб, бозор иштирокчиларининг Ягона реестри ва мулк объектларини биргаликда таклиф қилиш имконини берувчи мультилитинг тизимини жорий этиш белгиланди.
Бугунги кунга қадар «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 млн объект савдога чиқарилган. Шундан 1,2 млндан ортиғи реализация қилинган.
Тадбиркорлар учун активларни бўлиб-бўлиб тўлаш, айрим ҳолларда чегирмалардан фойдаланиш ҳамда узоқ муддатли ижара асосида мулкни кейинчалик тўғридан-тўғри сотиб олиш имкониятлари яратилган.
Шунингдек, 2030 йилга қадар давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 баробарга қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Бу чоралар давлат активларидан самарали фойдаланиш, хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини ошириш ва иқтисодиётга хусусий капитал ҳамда инвестицияларни кенг жалб қилишга қаратилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.