Биз ҳокимлар ҳам аввалги ва ҳозирги давр ҳақида китоб ёзсак бўлади — Фарғона вилояти ҳокими

Биз ҳокимлар ҳам аввалги ва ҳозирги давр ҳақида китоб ёзсак бўлади — Фарғона вилояти ҳокими

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда рўй берган ўзгаришлар ҳақида ҳокимлар ҳам китоб ёзиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳудуд раҳбарлари бу даврдаги ўзгаришларни бевосита кўрган ва уларга ўз ҳиссасини қўшган. Бу ҳақда Хайрулло Бозоров Мустақиллик байрами арафасида давлат мукофотларини топшириш маросимида президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатида билдирди.

Ҳоким яқинда тадбиркорлар билан учрашувда президент мамлакатнинг аввалги ва ҳозирги ҳолати ҳақида китоб ёзиш кераклигини айтганини эслатди.

«Тадбиркорларимиз билан учрашувда айтдингиз, энди китоб ёзиш керак, олдинги тарих билан ҳозиргини, дедингиз. Аслини олганда, биз ҳокимлар ҳам китоб ёзсак, ўша қисмига биз ҳам ҳисса қўшсак бўлади, деб ўйлайман», — деди Хайрулло Бозоров.

Унинг таъкидлашича, бунинг учун сўнгги ўн йилдаги ҳаёт билан ундан олдинги даврни солиштиришнинг ўзи кифоя.

Бозоров туман ҳокими бўлиб ишлаган даврида қишлоқ хўжалигида электр таъминоти ва сув билан боғлиқ муаммоларга дуч келганини эслади.

«Район ҳокими бўлиб, бир вақтлар қачон свет келиб, насос ёнаркин, насос ёнса, қачон ғаллани суғораркинмиз, деб кутиб ўтирардик. Апрел бўлардики, 25 апрел куни биринчи ғалламиз сув ичган», — деди у.

Ҳокимнинг айтишича, ғалла режасини бажариш учун ташкилотларга топшириқларни бўлиб бериш ва ҳатто «пақирлаб ғалла йиғиш»га тўғри келган даврлар ҳам бўлган.

«Кейин ҳар йили план бор, уни қандай қилиб бажарамиз деб, керак бўлса ташкилотларга бўлиб бериб, ғаллани пақирлаб, ғалла йиғган пайтларимиз ҳам бўлган», — деди Бозоров.

У, шунингдек, Фарғона вилоятида мактабгача таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳозир вилоятда болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 87 фоизга етган.

Бозоров аввал айрим боғчаларни сақлаб қолишнинг ўзи катта муаммо бўлганини қайд этди.

«Боғча ходималари, биринчидан, ойлик олмайди, ойлигини пластикдан олиш учун яна нақд пул қилиши керак. Унинг устига боғчамиз йўқолиб қолмасин, уни сақлашимиз керак деб, йўқ болаларга ўзининг ойлигидан бериб, боғчани сақлаб турарди», — деди у.

Унинг айтишича, бундай ҳолатлар бугунги кунда янги иш бошлаган ҳокимларга ишонарсиз бўлиб кўриниши мумкин.

«Бугун энди у гапларни бир кишига айтсак, ҳозир янги ҳокимларимиз ҳам ишонмайди», — деди вилоят раҳбари.

Хайрулло Бозоров президентга берилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, Фарғонани камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга ваъда берди.

«Сиз қўйиб берган вазифаларни энг юқори даражада бажариб, Фарғонани ҳам камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга ваъда бераман», — деди у.

Ҳоким президент томонидан берилган кўрсатма ва топшириқларни «сўзсиз» бажаришга тайёрлигини ҳам таъкидлади.

«Сиз ишонган юртда ҳалол бўлиб, садоқат билан меҳнат қилишга ваъда берамиз», — дея якунлади Хайрулло Бозоров.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тадбиркорлар ҳақида китоб тайёрлаш ва унга аввалги «маска шоу»лар ҳақида алоҳида ёзишни топширганди.

«Албатта ёзаман. Бу тарихни ёзмасдан илож йўқ. Сиз қўлингиздан келганича қанчадан-қанча тадбиркорларни қутқариб қолдингиз. Очиғини айтаман: қочиб кетганлар ҳам бўлди, „ҳалок бўлганлар“ ҳам бўлди», — дея жавоб берганди тадбиркор.

Аввалроқ Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов президентга «Наманганда электр узилди» деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетганини айтганди. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов эса вилоят Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ишчи кучини «импорт қилаётганини» маълум қилганди.

Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари 2026 йил охиригача ҳудудларда камбағаллик ва ишсизликни тўлиқ тугатиш ниятида эканини таъкидлаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.