Сиэтл мэри томонидан имзоланган расмий прокламацияда Ўзбекистоннинг 35 йил давомида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли трансформация йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Сиэтлда Бош консулхонаси фаолиятини йўлга қўйгани қайд этилиб, бунинг натижасида Сиэтл Ўзбекистоннинг бевосита дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлган АҚШнинг саноқли шаҳарларидан бирига айлангани эътироф этилган.
Сиэтл мэри Ўзбекистон бош консулхонасининг фаолияти икки томон ўртасида узоқ муддатли инсонлараро, бизнес ва ҳукуматлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этган.
Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги бош консули Аҳрор Бурханов ушбу қарорни икки халқ ўртасидаги дўстлик ва тобора кенгайиб бораётган шерикликнинг муҳим рамзи сифатида баҳолади.
«Сиэтл шаҳрининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига кўрсатаётган бундай юксак эътибори биз учун катта шараф. Бу қарор нафақат байрамимизга ҳурмат, балки Ўзбекистон ва АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақаси ўртасида шаклланаётган янги ва истиқболли муносабатларнинг яққол ифодасидир. Сиэтлда Бош консулхонанинг очилиши билан биз бу дўстликни аниқ иқтисодий, технологик, таълимий ва маданий лойиҳаларга айлантиришни мақсад қилганмиз», — деди бош консул.
4 сентябр куни Сиэтлда Ўзбекистоннинг АҚШ Ғарбий соҳилидаги биринчи бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланиб, унда Вашингтон штати ва Сиэтл шаҳри раҳбарияти, дипломатик корпус, етакчи АҚШ компаниялари, академик доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Сиэтл АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақасидаги иқтисодий, технологик ва савдо марказларидан бири. Катта Сиэтл минтақаси 4,1 миллиондан зиёд, иқтисодиёти 2025 йилда қарийб 607 млрд АҚШ доллари ҳажмидаги ялпи ҳудудий маҳсулот яратган бўлиб, бу Вашингтон штати иқтисодиётининг асосий қисмини ташкил этади.
Расмий маълумотларга кўра, Вашингтон штатида 3000 дан ортиқ ўзбекистонлик истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Сиэтл ва унинг атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан технологик ва трансмиллий компанияларда ишлайди. Ёзда Сиэтлда «Ўзбек маҳалласи» жамоат ташкилоти тузилган эди.
Ўзбекистон Мустақиллиги куни Нью Йорк штатида ҳам мунтазам равишда нишонланади. Штат Сенатининг 2026 йилги резолюциясида айтилишича, АҚШ 60 мингдан ортиқ ўзбеклар учун уйга айланган, уларнинг ярми Нью Йорк штати ва ён-атрофдаги штатларда истиқомат қилиб, энг турли соҳалар ривожига ҳисса қўшмоқда.
Унда таъкидланишича, ўзбеклар бутун дунёда ўзларининг меҳнаткашлиги, меҳмондўстлиги, миллий таомлари, мусиқаси, оилага садоқати билан танилган, Ўзбекистон эса хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, инсонпарварлик ёрдами ва минтақавий барқарорлик соҳаларида Нью-Йорк штати ҳамда АҚШнинг ишончли ҳамкори ҳисобланади.
АҚШ пойтахти Вашингтонда ҳам ҳар йили Ўзбекистон Мустақиллиги куни нишонланади. Мэр прокламацияларида одатда Ўзбекистон маданияти, хилма-хиллиги, анъаналарига бўлган ҳурмат, шунингдек, мамлакатнинг АҚШдаги иқтисодиёт, маданият, фан ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.