Учрашув аввалида Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон мустақиллиги куни билан табриклаб, мамлакат халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Музокараларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилгача товар айирбошлашни $5 млрдга етказиш учун зарур чораларни кўришга келишиб олди.
Музокараларда саноат кооперацияси ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ҳам кун тартибидан ўрин олди. Жумладан, Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.

Шунингдек, музокараларда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилишини жадаллаштириш топширилди. Ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини қамраб олган «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.