Шавкат Мирзиёев 7−8 сентябрь расмий ташриф билан Сербияда бўлади

Шавкат Мирзиёев 7−8 сентябрь расмий ташриф билан Сербияда бўлади

Шавкат Мирзиёев Сербия президенти Александр Вучичнинг таклифига биноан 7−8 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ, Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакатнинг расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форуми ўтказилади.

Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан Ўзбекистон — Сербия кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кўзда тутилган.

Сербия президенти Александр Вучич расмий ташриф билан Ўзбекистонга 2025 йил 28 октябрь куни келганди. Икки давлат президентлари иштирокидаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида Қўшма декларация имзоланган. Турли соҳалар, жумладан, Инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодий ҳамкорлик, меҳнат миграцияси бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.