Эъзозхон Каримова Маънавият ва маърифат маркази раҳбарига биринчи ўринбосар бўлди

Эъзозхон Каримова Маънавият ва маърифат маркази раҳбарига биринчи ўринбосар бўлди

Эъзозхон Гапиржановна Каримова Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда марказ матбуот хизмати.

У бунга қадар 2025 йилнинг июнь ойидан буён мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимида ишлаб келаётганди. Ушбу лавозим Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини ягона Таълим ва фан вазирлигига бирлаштириш тўғрисидаги қарор муносабати билан тугатилди.

Эъзозхон Каримова 1973 йилда Наманган туманида туғилган. 1990 йилда Ҳамид Олимжон номидаги ўрта мактабни имтиёзли диплом билан тугатиб, Тошкент давлат университетининг фалсафа факултетига ўқишга кирган.

Каримова 2004 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги Маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик қилган. 2005 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган.

Эъзозхон Каримова 2021−2021 йилларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлими бошлиғи, 2021−2023 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директори маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

2023−2024 йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги «Янги Ўзбекистон» университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасида иш олиб борган. Шундан сўнг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаган.

Вазир бўлишига қадар у 2025 йилнинг майидан мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари — Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.