Саудия Арабистони пойтахтидаги аэропортга шанба куни берилган зарба оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди ва 310 га яқин киши жароҳат олди, баъзилари ўта оғир аҳволда. Ҳалок бўлганлар орасида Саудия Арабистонининг тўрт нафар ва АҚШнинг бир нафар фуқароси бор. Шунингдек, Миср, Иордания, Сурия, Фаластин ва Судан фуқаролари ҳам ҳалок бўлган.
Бу америка-исроилнинг Эронга қарши февраль ойида бошланган урушидан бери минтақадаги араб давлатига қилинган энг кўп одам ёстиғини қуритган ҳужум бўлди, деб ёзмоқда The New York Times. Икки кун олдин, 8 октябрь куни аэропортга уюштирилган ҳужум чоғида уч киши, жумладан, Saudia авиакомпанияси пилоти ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳат олган эди. Аэропорт фаолияти издан чиққан.
«Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз. Шунингдек, Саудия Арабистони подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», — дейилади баёнотда.
«Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси обектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт. Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма обектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозим», — дея қайд этди Ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирлик бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди: «Барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга қатъий даъват этамиз».
«Ўзбекистон биродар Саудия Арабистони подшоҳлиги халқи ва ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этади ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», — дея қўшимча қилди ТИВ.
9 октябрь куни Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси минтақадаги кескинлик фонида фуқароларни авиарейсларнинг ушланиб қолиши мумкинлиги ва йўналишларнинг ўзгариши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди. Дипломатик миссия, шунингдек, Яман билан чегарадош ҳудудларга бормасликни ва маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига амал қилишни тавсия этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.