«Таълимга бекорга энг ишонган кадримни олиб келмадим». Президент — Турдимов ҳақида

«Таълимга бекорга энг ишонган кадримни олиб келмадим». Президент — Турдимов ҳақида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Янги Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Эркинжон Турдимовнинг янги Таълим ва фан вазирлиги раҳбари этиб тайинлангани юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

«Сон кўпайди, сифат эса кам. Бундан кейин ҳар бир университет ким учун қандай кадр тайёрлашини ўзи учун аниқ белгилаб олиши керак. Жуда катта тажрибага эга, тўртта вилоят ҳокими бўлган одамни таълимга олиб келганим тагида жуда катта маъно бор: энди бу нарсаларга президент мутлақо бошқача қарайди. Таълимга жуда катта эътибор бериш учун мен бош вазир биринчи ўринбосари мақомини берганим бежиз эмас. Энди давлатда тиббиётга, таълимга эътибор мутлақо ўзгаради», — деди давлат раҳбари.

«Таълимга бекорга энг ишонган кадримни олиб келмадим». Президент — Турдимов ҳақида
Эркинжон Турдимов.

Аввалроқ Gazeta хабар берганидек, 9 октябрь куни Эркинжон Турдимов бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири этиб тайинланган эди. Шу муносабат билан у 2025 йилнинг январидан буён эгаллаб келаётган Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.

Бунгача Турдимов 2008—2016 йилларда Навоий вилоятига, 2016 йил декабридан Сурхондарё вилоятига, 2018 йил июлидан 2024 йил ноябрь ойининг охиригача Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган.

Таълим ва фан вазирлиги 3 октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини бирлаштириш йўли билан ташкил этилган эди. Ислоҳот таълимнинг барча босқичлари ҳамда илмий фаолият ўртасидаги интеграция ва узвийликни таъминлаш, ягона бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни оширишни назарда тутади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги вазифалар ижросини мувофиқлаштиради. Уларнинг ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.