Фармон билан ҳукумат тузилмасига Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири лавозими киритилди. 9 октябрь куни ушбу лавозимга бунгача Сирдарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган Эркинжон Турдимов тайинланди.
Фармонга мувофиқ, бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарларининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларни мувофиқлаштиради.
Улар қаторидан Давлат хавфсизлик хизмати — гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, ёшларни жиноий гуруҳларга жалб этиш, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш масалалари бўйича, шунингдек, Миллий гвардия — ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалалари бўйича ўрин олган.
Уларнинг бешта штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлимидан ўтказилади, яна еттитаси эса қайта ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари штатларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасидаги Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими Маданият ва спорт масалалари бўлими деб қайта номланади.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмаси бошқарув ходимларининг умумий сони 243 нафар этиб белгиланди.
Ҳукуматга икки ҳафта муддатда бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазирининг функционал вазифаларини ҳамда унинг котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқловчи қарор қабул қилиш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Янги Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Эркинжон Турдимовнинг бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири этиб тайинланишига изоҳ берди.
«Ўзингиз кўрдингиз: мен таълим вазирини алмаштирдим. Энг кўп ишонадиган одамимни олиб келиб, таълим вазири қилиб қўйдим, чунки [ОТМларнинг] сони кўпайди, лекин сифати тушиб кетди. Бу мени жуда ташвишга соляпти», — деди президент.
Унинг сўзларига кўра, бунгача тўртта вилоятни бошқарган Турдимовнинг бу лавозимга тайинланиши алоҳида аҳамиятга эга.
«Таълимга жуда катта эътибор бериш учун мен бош вазир биринчи ўринбосари мақомини берганим бежиз эмас. Энди давлатда тиббиётга, таълимга эътибор мутлақо ўзгаради», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.