Анна Политковская журналист сифатидаги фаолияти давомида аввалига «Известия» ва «Общая газета» нашрларида ишлаган. 1999 йилдан умрининг охиригача эса «Новая газета»да махсус мухбир ва шарҳловчи сифатида фаолият юритган. Иккинчи Чеченистон уруши унинг суриштирувларининг асосий мавзуси бўлган. Журналист уруш ўчоғида бир неча марта бўлиб, тинч аҳолига нисбатан зўравонлик, қийноқлар, фильтрация лагерлари ва изсиз йўқолган одамлар ҳақида ёзган. Бир сўз билан айтганда, расмий манбалар яширган ҳақиқатни жамоатчиликка очиқлашга уринган. Шу орқали Политковская Россияда мустақил матбуот рамзига айланган.

Унинг бу ишлари, табиийки, оқибатсиз қолмади: журналистни ҳибсга олишади, қатл этиш билан таҳдид қилишади, заҳарлашади. 2006 йил 7 октябрда Политковская Москвадаги уйининг лифтида отиб ўлдирилди. Қотилликни ижро этганлар судланиб, жавобгарликка тортилди. Шунга қарамай, буюртмачи шахс расман ҳанузгача аниқланмаган.
2006 йилда — Политковская ўлимидан бир муддат олдин — ушбу интервью ёзиб олинган вақтда Владимир Путин ҳокимият тепасига келганига олти йил бўлганди. Чеченистондаги урушнинг қизғин даври ўтган, лекин уруш ҳали ҳам давом этаётганди. 99-йилдаги турар жойлар портлатилиши тўлқини, Норд-Ост ва Бесланда одамларни гаровга олиш билан боғлиқ ҳодисалар, йўловчи самолётлар ва метродаги портлашлар ортидан Россияни терактлар титратишда давом этаётган вақтлар эди. Ўшанда Путиннинг иккинчи муддати тугашига ҳали икки йил қолар экан, Конституцияга биноан бу унинг охирги муддати бўлади, деган тасаввур бор эди.

Ўша вақтдаги Путин сиёсатига баҳо берар экан, Политковская бу сиёсат мамлакатда эндигина туғилаётган демократияни «ўлдираётгани», у яратган муаммоларни ҳал этиш эса кейинги авлодлардан катта куч талаб қилишини таъкидлаган.
«Демократия туғилаётганди. Лекин у демократияни ўлдиряпти. Унинг Кремлдаги йиллари шунга олиб келадики, давлатимиз фуқароларининг кейинги авлоди бу муаммолардан халос бўлиш учун жуда катта ишларни амалга оширишига тўғри келади. Мана, у оиланинг отаси. У ўз фарзандларига нима қолдиряпти? Агар мана шу аҳволни қолдираётган бўлса, у ёмон ота. Агар у ўзидан кейин мустаҳкам ахлоқий асосларга эга, оиланинг моддий таъминоти учун яхши базани қолдирса, у яхши одам. Ҳозир ижобий деб ҳисоблаш мумкин бўлган ҳеч нарса йўқ», — дейди Политковская.
У мамлакатда Путинга хайрихоҳ кишилар кўп бўлишига қарамай, 2004 йилдаги сайловларнинг сохталаштирилмаганига шубҳа билан қарашини айтади.
«Сталинча фикрлашнинг қолдиқлари кўп одамларда ҳали ҳам жуда кучли. Буюк державадек фикрлаш, империядек фикрлаш. Бу одамлар, албатта, Путинга овоз беришган. Лекин, ўйлашимча, сайловлар барибир сохталаштирилган», — дея таъкидлайди журналист.
1999 йилнинг августида иккинчи Чечен уруши бошланади. Унинг илк кунлариданоқ Политковская Шимолий Кавказга борган. Кейинги йилларда ҳам у Чеченистондаги уруш ўчоғига бориб, жабр кўраётган тинч аҳоли, яраланганлар, қочқинлар, урушнинг республикадан ташқаридаги акс-садоси ҳақида ўнлаб мақолалар ёзди. Чеченлар уни очиқ ва холис мақолалари учун қаттиқ ҳурмат қилишарди. Журналистнинг интервьюда айтишича, Путин давлат тепасига келганида Чеченистонда тинчлик бўлишини истамаган.

«Елцин, ўзининг даҳшатли, баъзан жуда оғир хатоларига қарамай, қайсидир босқичда матбуотга қулоқ соларди ва уруш тинчлик битими билан ниҳоясига етди. Тўғри, кейин бу битимнинг ижроси бўйича муаммолар чиқди. Бунга қўшиламан. Лекин буларнинг ҳеч бирини Путиннинг қилмишларига қиёслаб бўлмайди. У иккинчи Чечен урушини бошлади ва бошиданоқ тинчлик бўлмаслигини эълон қилди. Ким қандай ҳаракат қилмасин, қандай даъволар келтирмасин, у фақат кучга таянди. Бошқа ҳеч нарсага эмас», — дейди у.
Политковскаянинг фикрича, Чеченистондаги уруш масаласида Путин қарорларининг мантиғи ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмаслик, бу йўлда ҳеч қандай қурбонликни ҳисобга олмасликка асосланади. «Оддий аҳоли орасидаги қурбонлар умуман ҳисобга олинмади. Мана шу тамойиллар билан уни мутлақ қонуний уруш деб кўришади».

BBC’га кўра, Путин бошқарувининг илк ёрқин ҳодисалардан бири НТВга уюштирилган рейд бўлган. Телеканалда Путиннинг Чечен урушидаги мавқейи ва Курск сувости кемаси чўкишига муносабати тез-тез танқид остига олинган. Каналда дам олиш кунларида намойиш қилинган қўғирчоқ театри дастурларида етакчи сиёсатчилар пародия қилинарди.
«НТВ хусусий телеканал эди. Унга олигарх Владимир Гусинский эгалик қилган. Путиннинг биринчи инаугурациясидан атиги тўрт кун ўтиб НТВ офисига ФСБ, прокуратура ва солиқчилар ёпирилди. Журналистларни сўроққа чақиришди. Журналистлар ва жамоатчилик протестларига қарамай, 2001 йилда НТВ давлатнинг „Газпром“ ширкати қўлига ўтди. Путин биринчи муддатининг охирига бориб, Россияда йирик хусусий телеканаллар қолмади», — дея ҳикоя қилади BBC.
Политковскаянинг таъкидлашича, Путин сиёсий дастурсиз ҳокимият тепасига келгач, уни фош қилиши мумкин бўлган очиқ ва мустақил матбуотни йўқ қилган.
«У ҳеч қандай дастурсиз президент бўлди. Ҳеч қандай ваъдаларсиз. Агар мустақил телевидение бўлганида Путинни янчиб ташлаган бўларди. Бу кундек равшан, — дейди Политковская. — У ҳеч қандай дебатларда қатнашмади, чунки бу унинг қўлидан келмайди. Дебат қиладиган дастури йўқ. Ундаги шовинистик ва империалистик мойилликларни демократик ва мустақил матбуот фош қилиб ташлади. Бу балки унинг ўзининг ғояларидир ёки энг яқин сиёсий маслаҳатчилариники. У ҳар қандай тўсқинликни йўқ қилишга киришди ва бунинг уддасидан чиқди. Танқидчилар йўқолди ва маддоҳлар кўпайди. У нима қилса, олқишланди. Телевидение эса Совет Иттифоқи давридагидек бўлиб қолди».
Иккинчи Чечен уруши ўрталарига бориб, Политковская нафақат журналист, балки жамоатчилик арбоби ҳам эди, дейди BBC. 2002 йил октябрида Дубровкадаги театр гаровга олинганида Политковская қўрқмасдан бинога кириб боради. Чеченлар айнан унинг музокарада қатнашишини талаб қилишади. У гаровдагиларга сув олиб кирди ва театрни гаровга олганларнинг талаблари билан чиқди. Улар Путиндан Чеченистондаги урушни тўхтатишга ваъда беришини талаб қилишганди.
«Ҳаммамиз бу бир бурилиш нуқтаси бўлади деб ўйлагандик. Бу тарзда давом этиши мумкин эмас. Бу каби воқеа қайтарилмаслиги учун давлат даражасида қарорлар қабул қилинади деб ўйлаганман. Лекин қаттиқ адашган эканман. Чунки одамлар бу ҳолатга тушишининг олдини олиш учун биронта давлат қарори чиқмади. Аксинча, уларнинг таъбири билар айтганда, террорчиликка қарши кураш бошланди ва у, айниқса, Ингушетия ва Чеченистон учун буткул Сталинча қоидаларни ишга солди — Сталинча қатағонларни», — дея эсга олади у.
Политковскаянинг фикрича, бундай сиёсат террорчиликни келтириб чиқаради. Яқинлари ўғирлаб кетилган, ўлдириб юборилган чорасиз оилалар ўз яқинларини топиш учун ёки уларнинг жаллодларига қарши адолат истаб бош уриб борадиган жойи йўқ эди. Бунинг ортидан Чеченистонда аллақачон кичик терактлар, худкуш ҳужумлар содир бўлиб келаётганди.
Норд-Ост воқеалари эса, унинг қайд этишича, ана шу воқеаларнинг мантиқий давоми бўлди. Норд-Ост воқеалари «ҳамманинг қарашларини ўзгартириши, мудраб ётганларнинг ҳам кўзини очиши» мумкин, ҳатто керак эди. Лекин бундай бўлмади. Политковскаянинг таъкидлашича, Путинни халқ манфаатлари йўлида, жамоатчилик хавфсизлиги учун қарорлар қабул қилишга мажбурлаши мумкин бўлган халқ ғазаби юзага чиқмади.
«Жамоатчилик хавфсизлиги нима? Бу терактларни бартараф қилишга қаратилган сиёсат. Бундай сиёсат бўлмади. Аксинча, қатъийлаштириш бошланди. Ингушетияда бу сиёсатдан қасд олишни истаганлар янада кўпайди», — дея таъкидлайди журналист.
Политковскаянинг фикрича, Беслан воқеалари бевосита Норд-Остнинг давоми бўлди. Буни журналист давлатнинг энг юқори раҳбарияти терактнинг сабаблари, бу одамларнинг кимлиги ва нима сабабдан бундай терактни амалга оширганини тушунишга уринмагани, шунингдек, терроризмни бартараф қилишга қаратилган қонунлар қабул қилмагани билан изоҳлайди. Бесланда болаларнинг гаровга олиниши ҳам, Политковскаянинг фикрича, шу билан боғлиқ.
«Биз террорчилар билан музокара қилмаймиз, ақл билан мулоқот қилмаймиз. Майли, одамлар ўла қолсин, дейишди. Путин ожиз эканини англамасликлари учун ҳеч ким билан музокара қилмади», — дейди у.
У Норд-Ост ва Бесландаги воқеаларда вазиятдан чиқишга нима тўсқинлик қилгани ҳақида гапирар экан, Путиннинг собиқ КГБ офицери эканини эслатади.
«У ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга эканини, инсон қандайдир механизмдаги қум заррачаси эмаслигини тушунмайди. Бесланда, Норд-Остда ҳалок бўлган ҳар бир инсон ўз-ўзича қадрли, — дея тушунтиради Политковская. — Путин буни шунчаки тушунмайди. Унинг ўз мантиғи бор. Бу Совет даври КГБ офицерининг мантиғи… У халқни тушунмайди. У ҳақиқий Совет КГБ офицери. Бироз антисемит, бироз фашист ва унчалик ақлли эмас… У инсоннинг ҳуқуқлари борлигини тушунмайди».
«Бундай қарашларга мамлакатимизда жуда кўп одамлар амал қилади, жуда кўпчилик. — дейди Политковская афсус билан. — Яъни инсон ҳаёти арзимас нарса, токи бу шахсан сенинг бошингга тушмагунча. Мен кундалик ишимда бунга доимо дуч келаман. Бу гапларни ҳалок бўлган аскарларнинг оналаридан, милицияда қийноққа солинган одамларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингилларидан доимо эшитаман. Улар деярли ҳар доим ҳа, биз ҳамма нарса тўғри бўляпти деб ўйлардик, то бу кулфат ўз бошимизга тушгунига қадар, дейишарди. Мана шу Сталинча психология ҳали ҳам яшаяпти».
«Халқ унга яна тўрт йиллик муддат берганини қандай изоҳлайсиз?» деган саволга жавобан Политковская уни халқ эмас, амалдорлар сайлаганини айтади. Аслида эса, унинг фикрича, Путинга нисбатан халқ орасида кучли норозилик мавжуд.
«Мен уни халқ сайлаган деб ҳисобламайман. Уни амалдорлар сайлаган. У амалдорларни жуда усталик билан боқади ва коррупция гуллаб-яшнаши учун шароит яратиб беради. Амалдорлар эса улкан бир табақа. Улар оилалари билан бирга миллионлаб кишини ташкил қилади. Менимча, Путиндан норозилик жуда кучли. Ҳар ҳолда мен ҳар куни ундан норози бўлган одамлар билан мулоқот қиламан», — дея тушунтиради у.
Қолаверса, Политковская Путин давридаги барқарорлик унинг сиёсати билан бевосита боғлиқ эмаслигини таъкидлайди. Мамлакатдаги барқарорликни у нефтнинг юқори нархи билан боғлайди ва нефть нархи пасайиши ҳақида ўйласа, хавотирга тушишини айтади.
«Барқарорлик нефть нархининг юқорилиги туфайли юзага келган. Бизда нефть бор. Нефть нархи юқори ва шунинг ҳисобига ҳамма нарса гуллаб-яшнаяпти… Нефть нархи тушиб кетадиган пайтни ўйлашнинг ўзи мен учун қўрқинчли. Чунки ўша заҳоти ҳамма нарса қулай бошлайди. Биз хомашёга қарам мамлакатмиз… Мен бизнес оламидаги одамлар билан мулоқот қиламан. Улар ҳамма нарсани мамлакатдан олиб чиқиб бўлишган. Ҳеч нарса қолмаган. Ҳамма ўз сармоясини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш орқали сақлаяпти. Илгари қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай давом этяпти», — дейди журналист.
Политковскаянинг таъкидлашича, ҳар қандай давлат раҳбари ўз халқи тўғрисида қайғуриши керак.
«Мени энг аввало ўз президентимиздан ҳафсалам пир бўлган. Ғарб ўз одамлари ҳақида қайғуради ва тўғри қилади. Ҳар қандай ҳукмдор шундай қилиши керак. Лекин мен бир нарсани тушунмайман. Нега бизнинг президентимиз ўз фуқароларига мутлақо бефарқ? У ўз фуқароларининг қадр-қимматини англамайди. Мана шу унинг энг катта хатоси. У ўзи хизмат қилган тизимнинг офицери, тушуняпсизми, у ерда шахс деган тушунча йўқ. У мутлақо бошқа қарашнинг ташувчиси. Шахс йўқми, демак унинг манфаатлари ҳам мавжуд эмас. Менимча, у КГБда ишлаган даврида орттирган ана шу тажрибасидан ҳали ҳам халос бўла олмаган».
Йигирма йил аввал ёзиб олинган бу интервью сўнггида журналист Политковскаядан Путин тарихда ўзидан қандай из қолдиришини сўралганди. Политковская Путин ҳокимиятининг оқибатлари ҳақидаги ўйлар унда чорасизлик ҳиссини уйғотишини таъкидлаган.
«Ҳозир мамлакатни ўзгартириш учун жуда оз вақти қолди. Шунинг учун у ўзидан ОАВ тор-мор қилинган, кучли фашистик кайфият мавжуд бўлган, сармоялар мамлакат ташқарисига олиб чиқиб кетилган, хомашёга асосланган иқтисодиёти сунъий равишда шиширилган ва саноат ишлаб чиқариши ҳали ҳам вайрон аҳволда бўлган неосовет мамлакатни қолдиради. Яна камида йигирма йил давомида теракт содир этишни истайдиган одамлар мавжуд бўлади. Шунинг учун, масалан, мен Путиннинг Россиядаги ҳукмронлиги оқибатлари ҳақида ўйлаганимда мени қамраб оладиган чорасизлик ҳисси, асосий ҳал қилувчи ҳис — мана шу, — дейди Политковская. — Гап унинг яхши ёки ёмон одам эканида эмас. Мамлакатни мана шундай аҳволга келтириш учун жуда кўп қадамлар ташлаган инсон тарихда ижобий натижа билан қолиши мумкин эмас. Шунчаки мумкин эмас».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.