Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?

Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилида жойлашган «Аваза» курорт зонасида 8 октябрь куни Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Бу 2025 йил ноябрь ойида Озарбайжон унинг тўлақонли иштирокчисига айланганидан бери ушбу форматда ўтаётган илк расмий учрашув. Президентлар Маслаҳат учрашувларининг келажаги, минтақавий чақириқлар ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

Gazeta учрашув давомида Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари томонидан илгари сурилган ғоялар шарҳини тайёрлади.

Минтақавий ҳамкорлик формати


Бешала етакчи ҳам ишонч ва яхши қўшничиликни минтақавий ҳамкорликнинг асоси деб атади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Маслаҳат учрашувлари бошиданоқ давлатлар ўртасидаги ишончга таяниб келмоқда.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Шавкат Мирзиёев. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳам ҳамжиҳатлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ишончни мамлакатларнинг умумий стратегик таянчи деб атади.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов бугунги кунда етакчилар ўртасидаги ишонч даражаси кенг кўламли вазифаларни ҳал этиш учун етарли даражада юқори эканини қайд этди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам ўзаро ишонч ва шериклик руҳи ҳақида тўхталиб ўтди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз мамлакати минтақада яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатлари ноқулай ва мураккаб тузилмалар яратишга интилмаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, суверен давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизмга таянган ҳолда ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат зарур. Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам шунга ўхшаш позицияда эканини билдириб, Маслаҳат учрашувларини етакчиларнинг ортиқча расмиятчиликдан холи тўғридан-тўғри мулоқот майдони сифатида сақлаб қолишни таклиф қилди.

Сердар Бердимуҳамедов Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Озарбайжонни бирлаштирувчи олти томонлама шериклик салоҳиятини оширишни устувор вазифа деб белгилади. У ушбу форматни ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда доимий олти томонлама механизмлар билан бойитишни таклиф этди. Хусусан, Туркманистон президенти Маслаҳат учрашувлари доирасида ташқи ишлар вазирликларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш тарафдори эканини билдирди.

Озарбайжоннинг иштироки


Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Озарбайжоннинг қўшилишини давлатларнинг кўп йиллик яқинлашувининг ғоят муҳим ва қонуний натижаси деб атаб, бутун форматни олти томонлама дея таърифлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Озарбайжон ҳақида форматнинг тўла ҳуқуқли иштирокчиси сифатида сўз юритди. Хусусан, Озарбайжон Ўзбекистон етакчиси таклиф қилган «олти иқтисодиёт — бир маҳсулот» иқтисодий формуласидан ўрин олди.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Қосим-Жомарт Тоқаев. Фото: Оқўрда матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Марказий Осиё ва Озарбайжонни Евроосиёдаги ўсиш ва геосиёсий ҳамкорлик марказлари деб атади. Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Озарбайжон раислиги биргаликдаги ишларга янги суръат бағишлайди ҳамда Қирғизистон унинг устувор йўналишлари амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

Эмомали Раҳмон ваъда қилишича, Тожикистон Озарбайжон раислиги даврида ишларни ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, ўтган йили Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 50 фоиздан зиёд ошган. Озарбайжоннинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан қўшма инвестиция фондлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирининг капитали «юзлаб миллион долларни ташкил этади».

У «уларнинг имкониятларидан, энг аввало, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадларида янада фаолроқ фойдаланиш зарур. Нафақат ўзаро савдони ошириш, балки биргаликда сармоя киритиш, ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга чиқиш ҳам муҳим», деган фикрни билдирди.

Минтақа муаммолари


Жаҳондаги ўзгариб бораётган вазият ва сув танқислиги шароитида хавфсизликни таъминлаш асосий мавзулар бўлди.

Қосим-Жўмарт Тоқаев терроризм, наркобизнес, қурол ва одам савдоси, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва фирибгарликни асосий таҳдидлар деб атади. Қозоғистон президенти рақамли технологияларнинг террорчилар ва наркокартеллар қўлига тушиб қолиш хавфини алоҳида таъкидлади.

Шу сабабли, унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўта муҳим технологияларни назорат қилиш бўйича биргаликда ёндашувлар ишлаб чиқишлари зарур. Қосим-Жўмарт Тоқаев, шунингдек, ўтган йили Тошкентда қабул қилинган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Хавфсизлик хатарлари каталогининг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга чақирди.

Сердар Бердимуҳамедов минтақада ва унга қўшни ҳудудларда мустаҳкам тинчлик, хавфсизлик ҳамда вазиятнинг башоратлилигини таъминлашни устувор йўналишлардан бири деб атади. У маданий мулоқот, инқирозларни музокаралар йўли билан енгиб ўтиш ва ишончни қайта тиклашни Туркманистон ёндашувининг асоси деб атаб, давлатларни халқаро хавфсизлик соҳасида келишилган ёндашувларни шакллантиришга чақирди.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Эмомали Раҳмон. Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Эмомали Раҳмон ҳам Марказий Осиё давлатларини хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди, Шавкат Мирзиёев эса минтақа хавфсизлигини мамлакатлар ўртасидаги бирдамлик ва ўзаро ишонч билан боғлади.

Қосим-Жўмарт Тоқаев сув танқислиги муаммосини Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солаётган асосий хатарлардан бири деб атади. У минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришга доир янги ёндашувларни ишлаб чиқишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳаси барча томонлар томонидан кўриб чиқилаётган Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш бўйича Ҳадли конвенцияси бунга асос бўлиши мумкин. Шунингдек, Қозоғистон БМТ шафелигида Халқаро сув ташкилотини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

Шавкат Мирзиёев сув танқислигини минтақа тараққиёти йўлидаги тобора жиддийлашиб бораётган тўсиқ деб атади. У рақамли мониторингни жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ этишни таклиф қилди. Ўзбекистон президенти, шунингдек, Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича доимий мулоқот олиб бориш тарафдори эканини билдирди.

Эмомали Раҳмон иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши, сув танқислиги ва чанг бўронларига қарши курашда ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳодисалар атроф-муҳит ва озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Садир Жапаров ҳам музликлар ва тоғ экотизимларини асраб-авайлашнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ушбу соҳада инновацияларни жорий этишга чақирди.

Лойиҳалар


Президентларнинг таклифлари асосан савдо ва саноат, транспорт, энергетика ҳамда янги технологиялар соҳаларига тааллуқли бўлди. Таълим ва гуманитар алоқалар йўналишида ҳам алоҳида ташаббуслар билдирилди.

Савдо ва саноат. Шавкат Мирзиёев 2035 йилгача бўлган даврда Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг қамровли минтақавий дастури ҳақида сўз юритар экан, мазкур ҳужжат амалий воситага айланиши ва минтақанинг асосий устунлиги — унинг умумий географиясидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун савдодаги тўсиқларни изчил бартараф этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва кўпроқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарур.

Ўзбекистон президенти бир нечта мамлакат корхоналари ягона ишлаб чиқариш занжирида ишлаганда, иқтисодиётлар ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланишини таъкидлади. Ушбу йўналишни ривожлантириш учун Ўзбекистон 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес-форумини ўтказишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш платформасини яратишни таклиф этди. У йирик лойиҳалар учун нафақат инвестициялар, балки пухта тайёргарлик, экспертиза ва тушунарли молиявий воситалар ҳам зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбарининг таклифига кўра, мазкур масалани Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгаши Ашхободдаги навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиши лозим.

Қосим-Жўмарт Тоқаев минтақадаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик йилдан-йилга янги мазмун билан бойиб бораётганини қайд этди. Шу билан бирга, ички бозор салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаган. Ўтган йили минтақа ичидаги савдо ҳажми давлатларнинг умумий товар айланмасининг қарийб 8 фоизини ташкил этди. Қозоғистон Президенти минтақа ичидаги савдо ҳажмини камида 20 миллиард долларга етказишни кўзда тутувчи қўшма Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни ҳукуматларга топширишни таклиф қилди.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Садир Жапаров. Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Садир Жапаров Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг ягона электрон савдо майдончасини яратишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу бизнес ва харидорларнинг минтақа маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Президент майдонча ўз логистикасига — етказиб бериш, сақлаш, божхона расмийлаштируви ва товарларни кузатиб бориш хизматларига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади. Ушбу ишлар учун Қирғизистон Юқори технологиялар парки мутахассисларини жалб қилишга тайёр.

Эмомали Раҳмон минтақанинг бой ресурслари қўшма корхоналар, саноат мажмуалари ташкил этиш ва маҳсулотларни қайта ишлаш учун кенг имкониятлар очишини билдирди. Тожикистон президенти хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш-экспорт лойиҳаларини амалга ошириш тарафдори эканини билдирди.

У, шунингдек, минтақавий таъминот занжирлари барқарорлигини мустаҳкамлашга чақирди. Эмомали Раҳмон маҳсулотларни ташқи бозорларнинг экологик, углерод ва техник талабларига мослаштириш бўйича тажриба алмашишни алоҳида таклиф қилди.

Сердар Бердимуҳамедов мамлакатларнинг иқлимий ва географик устунликларидан фойдаланишни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, сифат ва нарх борасида рақобатлаша оладиган йирик экспортбоп агросаноат мажмуаларини яратиш мумкин. Бунинг учун транспорт, божхона ва тариф тўсиқларини бартараф этиш лозим. У янада мослашувчан механизмлар устида бош қотириш ва электрон тизимларни жорий этишни таклиф қилди, шунингдек, савдони диверсификация қилиш ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини оширишга чақирди. Унинг фикрича, бу борада ташаббускорликни тадбиркорлар бирлашмалари ва ассоциациялари ўз зиммасига олиши керак.

Транспорт ва логистика. Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бутун минтақанинг транзит салоҳиятини оширади. Президент Ўрта йўлак сифатида танилган Транскаспий йўналишини TRIPP (Trump Route for International Peace and Prosperity — Халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлидаги Трамп йўли) транспорт ташаббуси билан интеграция қилишни экспертлар даражасида муҳокама қилишни таклиф этди.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Фото: Озарбайжон президенти матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатлари глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлади. Аммо бунинг учун, унинг сўзларига кўра, транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг умумий мантиғи зарур. Йўналишлар бир-бирини узвий давом эттириши ва ягона тизим сифатида фаолият юритиши учун йирик лойиҳаларни мувофиқлаштириш лозим. Шавкат Мирзиёев Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузишни жадаллаштиришни таклиф қилди ва унинг илк йиғилишини Ўзбекистон ўзида ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Садир Жапаров иқтисодий ҳамкорлик самарадорлиги транспорт йўналишларининг ишончлилиги, ташиш нархи ва транзитнинг олдиндан прогноз қилинишига боғлиқ эканини қайд этди. Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, етказиб бериш нархини арзонлаштириш ва йўл вақтини қисқартириш асосий мўлжал бўлиши лозим.

Тожикистон президенти маъмурий, инфратузилмавий ва ташкилий тўсиқларни бартараф этиш, транспорт тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда ташувларни рақамлаштиришга чақирди. У, шунингдек, ўз сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжонни дунёнинг бошқа минтақалари билан боғлаши лозим бўлган мултимодал йўналишларни ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.

Сердар Бердимуҳамедов Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишлари бўйича транспорт боғлиқлигига оид музокараларни имкон қадар амалий мазмун билан бойитишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу борада Марказий Осиё-Каспий денгизи-Жанубий Кавказ-Европа коридори асосий ўрин тутиши керак. У Туркманистон Каспийдаги ўз инфратузилмасини ўзаро манфаатли асосда тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Умумий географиядан устунлик сифатида фойдаланиш: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Авазадаги учрашувда нималарни муҳокама қилди?
Илҳом Алиев. Фото: Озарбайжон президенти матбуот хизмати

Илҳом Алиевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Озарбайжон транспорт инфратузилмасига йирик инвестициялар киритди, денгиз портлари, аэропортлар, темир йўл ва автомобиль йўлларини ривожлантирмоқда, шунингдек, Каспий орқали ташувлар ҳажми ошиб бораётгани кузатилмоқда. Унинг таъкидлашича, мамлакат ва Марказий Осиёнинг умумий вазифаси мазкур йўналишларни янада самарали ва рақобатбардош қилишдан иборат. Ўтган йили, унинг қайд этишича, Ўрта йўлак бўйлаб транзит ташувлар ҳажми 10 фоиздан зиёдга, 2026 йилнинг дастлабки 8 ойида эса яна қарийб 20 фоизга ўсган.

Илҳом Алиев, шунингдек, бунга параллел равишда «Рақамли Ипак йўли» лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳамда Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали алоқа линияларини тортиш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

Энергетика ва ресурслар. Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатларида углеводородларнинг салмоқли захиралари ҳамда гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Президент Кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқишни таклиф этди. Мазкур ҳужжат янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, энергияни сақлаш тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратишни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши лозим.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган Муҳим хомашё ресурслари бўйича минтақавий альянсни тузиш ишларини фаоллаштиришни таклиф қилди. Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг Ягона рақамли харитаси бу йўналишдаги дастлабки қадам бўлиши мумкин. Президентнинг таъкидлашича, ушбу харита халқаро инвесторларга минтақа мамлакатлари мазкур соҳани биргаликда ривожлантиришга тайёр эканини кўрсатади.

Эмомали Раҳмон устувор энергетика лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ва уларни биргаликда молиялаштириш механизмларини белгилашни таклиф қилди. Президент, шунингдек, бутун минтақа эҳтиёжларини қондирадиган, энг илғор технологияларга асосланган йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари, Эмомали Раҳмон «яшил» тараққиётга ўтиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқишни таклиф этди. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари инобатга олиниши лозим.

Сердар Бердимуҳамедов энергетика соҳасидаги ҳамкорлик энергия ресурсларини ташишга мўлжалланган қувурлар билан чекланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар манфаатдор давлатларга электр энергиясини етказиб бериш бўйича лойиҳаларни ҳам амалга ошириши мумкин. Туркманистон президенти, шунингдек, мамлакатлар ўртасида электр энергетикаси соҳасида барқарор алоқаларни йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик жаҳон энергетика бозоридаги беқарорлик шароитида мамлакатларнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Илҳом Алиев ўз мамлакати Марказий Осиё билан қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтираётгани ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон билан биргаликда яшил энергетика коридорини ташкил этиш устида иш олиб бораётганини эслатиб ўтди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.