Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазо қандай кучайтирилди?

Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазо қандай кучайтирилди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 30 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2 октябрда Сенат маъқуллаган. Ўзгартишлар бугун — 14 октябрдан кучга кирди.

Қонунга киритилган асосий янгиликлардан бири — 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилишгача жазо тайинланиши мумкин. 18 ёшга тўлмаган шахсларни номусига тегиш жинояти бўйича жавобгарликка тортиш муддати қўлланмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун жазони енгиллаштириш тақиқланди. Жинсий шилқимлик учун жазо ҳам кучайтирилди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қонун имзоланганини изоҳлар экан, шундай деди: «Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади».

«Боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт», — дея таъкидлади у.

Номусга текканлик учун — умрбод қамоққача (Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар)


  • 14 ёшга тўлмаган шахсни номусига тажовуз қилганлик учун энди 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Аввал жазо 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутган (118-модданинг 4-қисми). (Номусга тегиш — зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожиз ҳолатидан фойдаланиб жинсий алоқа қилишдир.)

  • 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш учун ҳам худди шундай жазо белгиланди. Аввал бу жиноят учун ҳам 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланган (119-модданинг 4-қисми).

  • Юқоридаги жиноятларни содир этган айбдорларга ҳукм чиқаришда энди жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Улар қаторига айбини бўйнига олиб келиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш, жиноятни фош этишга фаол ёрдам бериш ёки етказилган зарарни ихтиёрий қоплаш киради (57¹-модда).

  • Суд бу жиноятлар, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсни номусига тажовуз қилиш (118-модда 3-қисмининг «а» банди) ва 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш (119-модда 3-қисмининг «а» банди) учун ҳукм чиқарганда жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли шахсни жавобгарликдан озод қила олмайди (64-модда).

  • Ушбу жиноятлар учун (118 ва 119-моддаларнинг 3-қисми «а» бандлари ва 4-қисмлари) судланганлар жазони ижро этиш муддати ўтгани сабабли уни ўташдан ҳам озод қилинмайди (69-модда).

  • Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қўллаш (72-модда) ёки жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (73-модда) мумкин эмас.

  • Худди шу жиноятлар учун судланган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан Жиноят кодексининг Махсус қисмида белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кўп муддати учдан икки қисмидан ошмаслиги ҳақидаги қоида энди қўлланмайди (50-модда).

  • 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмасдан, бир гуруҳ шахслар томонидан бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди (129-моддага «бир гуруҳ шахслар томонидан» деган банд қўшилди).

Шаҳвоний шилқимлик учун жазо кучайтирилди (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар)


Шаҳвоний шилқимлик учун (41¹-модда) энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади. Аввал жарима 2−5 БҲМ ёки 5 суткагача қамоқ жазоси қўлланар эди.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида худди шу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, 15−20 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланади. Аввал бундай ҳолат учун 5−7 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси белгиланган эди.

(Шаҳвоний шилқимлик — бир марта қўпол ёки бир неча бор такрорланган, шахс учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ташқи кўриниши ёки гавдасини тасвирлаш, ишора қилиш, тегиниш ёки жинсий мойиллик акс этган таклифлар билдириш каби жинсий хусусиятдаги ҳаракатлардир.)

Қонунда зўравонликдан жабрланган ёки унинг гувоҳи бўлган вояга етмаганлар учун процессуал кафолатлар ҳам кенгайтирилган ва бошқа ўзгартишлар назарда тутилган. Улар ҳақида алоҳида материалларда ўқинг.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.