«Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади». Мирзиёев — Осиёдаги низолар ва уларнинг олдини олиш ҳақида

«Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади». Мирзиёев — Осиёдаги низолар ва уларнинг олдини олиш ҳақида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Саммида Исроил президенти Ицхак Герцог, Лаос президенти Тхонглун Сисулит, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар амири Тамим бин Ҳамад бин Халифа Ол Соний, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Бангладеш, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Камбоджа, Россия, Туркия, Фаластин, Хитой, Шри-Ланка ва Ҳиндистон ҳукуматлари ҳамда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) 1992 йилда ташкил этилган, ҳозирги кунда 28 та аъзо давлат, кузатувчи мақомидаги 9 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилотни бирлаштирган халқаро платформа ҳисобланади.

Кун тартибига мувофиқ, халқаро вазият ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Осиёдаги низолар ҳақида


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Боку саммитидаги нутқида дунёдаги чуқур геосиёсий ўзгаришлар янада яқин ҳамкорлик ва биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этаётгани ҳақида сўз юритди.

«Айниқса, Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли низолар барчамизни чуқур хавотирга солмоқда. Уларнинг оқибатлари можаро ҳудудидан ташқарига чиқиб, сиз билан биз яшаётган минтақа хавфсизлигига жиддий путур етказмоқда, глобал иқтисодиётга зарар келтириб, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди давлат раҳбари.

Президент ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев қитъада низолар янада кескинлашувининг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади. У Яқин Шарқдаги қарама-қаршиликлар ва Ғазодаги гуманитар вазиятни катта ташвиш билан кузатаётганини айтиб, минтақада тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдори эканини билдирди.

«Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади. Шу боис биз сиёсий келишмовчиликлар қуролли тўқнашувларга айланиб кетмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишимиз зарур», — деди президент.

Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ўрни ва таъсир кучини айнан низоларнинг олдини олишда кўришини айтди. Унинг фикрича, кенгашнинг асосий мақсади Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг яхлит инфратузилмасини шакллантириш бўлиши керак.

Бу давлатлар ўртасида ўзаро мувофиқлаштирилган ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган ҳаракатларга, шунингдек, зиммага олинган мажбуриятларни бажаришга асосланган барқарор муносабатлар тизимини яратишни назарда тутади. Президент бу ёндашув низоларнинг олдини олиш ва ўзаро мақбул қарорларни топиш имконини беришини таъкидлади.

Шу муносабат билан у Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ҳужжатда кенгашни узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳамда давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиши лозим.

Жумладан, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратиш таклиф этилди.

Президент сиёсий вазиятдан қатъи назар, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч муносабатларнинг доимий ва мустаҳкам пойдевори бўлиб қолиши кераклигини қайд этди.

«Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади». Мирзиёев — Осиёдаги низолар ва уларнинг олдини олиш ҳақида

Сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича Осиё ташаббус


Саммитдаги нутқида Мирзиёев жадал технологик тараққиёт ва иқлим ўзгаришлари барча давлатлар олдига янги вазифалар қўяётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, сунъий интеллект кундалик ҳаётни тез ўзгартирмоқда. Бу технология улкан имкониятлар яратиш билан бирга, жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Президент рақамли тараққиётнинг барча учун бирдек фойдали бўлишини таъминлаш ва технологик ривожланишдаги тафовутни қисқартириш зарурлигини айтди.

Шу мақсадда Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббусини илгари сурди. Бунинг учун кенгаш доирасида Экспертлар майдонини ташкил этиш таклиф қилинди.

Ушбу майдонда аъзо мамлакатлар мутахассислари умумий тавсияларни ишлаб чиқиши ва уларни амалга ошириш бўйича чораларни келишиб олиши мумкин.

Иқлим барқарорлиги бўйича шериклик


Ўзбекистон президенти кенгаш иқлим ўзгаришларига мослашиш учун давлатларнинг куч ва имкониятларини бирлаштириши мумкинлигини билдирди.

Шу муносабат билан Иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик қилиш ташаббуси таклиф этилди. Ушбу ташаббус доирасида сувни тежайдиган технологияларни биргаликда жорий этиш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва атроф-муҳит ҳолатини мунтазам кузатиб бориш назарда тутилган.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик эҳтимолий хавф-хатарларни камайтириш ва келажак авлодлар учун табиий ресурсларни сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин.

«Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади». Мирзиёев — Осиёдаги низолар ва уларнинг олдини олиш ҳақида

Ўзбекистон Инсон салоҳиятини ривожлантириш форумини ўтказишга тайёр


Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон кенгашнинг Инсон мезони бўйича координатори сифатида таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганини айтди.

Президент мамлакат келгуси йили Инсон салоҳиятини ривожлантириш форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Анжуманда бир нечта йўналишдаги масалаларни алоҳида кўриб чиқиш режалаштирилган. Жумладан:


  • ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш;

  • сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

  • рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Шунингдек, ушбу соҳадаги қўшма ҳамкорликни янада изчил йўлга қўйиш учун кенгашнинг яқин икки йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Мирзиёев келгуси йили Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатининг 20-саммитига мезбонлик қилишини ва мамлакат 2030 йилга қадар ушбу ташкилотга раислик қилишини маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, Қўшилмаслик ҳаракати ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг мақсад ва тамойиллари кўп жиҳатдан бир-бирига яқин.

У Тошкент саммити халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва низоларнинг олдини олиш тизимини шакллантиришда муҳим воқеа бўлишига умид билдирди.

«Барчангизни ушбу форумда иштирок этишга таклиф қиламан», — деди Ўзбекистон президенти.

Кенгашнинг ташкилий асосларини мустаҳкамлаш қўллаб-қувватланади


Нутқининг якунида Мирзиёев Ўзбекистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштириш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

У кенгаш доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар амалий ижросини топиши муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, президент Лаоснинг кенгашга аъзо давлат мақомини олгани муносабати билан мамлакат президенти Тхонглун Сисулитни табриклади.

Ўзбекистон кенгаш бош котиби лавозимига Озарбайжон вакили номзодини қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилди. Мирзиёев Озарбайжон томонининг кенгашга раисликни 2028 йилгача давом эттириш ниятини олқишлаб, ушбу масъулиятли вазифани бажаришда муваффақият тилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.