«Унга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг энг самимий тилакларини етказдим. Ўзбекистон ва Туркияни мустаҳкам дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик боғлаб туради. Биргаликдаги ишларимиз натижалари ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилдик», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.
У Туркия раҳбарига «Ўзбекистонга эътибори ва халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларини қўллаб-қувватлаётгани учун» миннатдорлик билдирди.

«Ушбу муассасаларнинг ўқитиш услублари, ёндашувлари менда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда таълим сифатига, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва уларда мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган», — деб маълум қилди у.
Томонлар «таълим масканларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда мактаб ўқувчилари, талабалар, педагоглар учун янги имкониятлар яратиш»га келишиб олди.
«Таълим соҳаси Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муҳим қирраларидан биридир. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлигимиз ёшларнинг ўқиб-ўрганиши, дунёқараши ўсиши ҳамда бир-бирини янада яқиндан танишига хизмат қилади», — деди Президент администрацияси раҳбари.

Унга юқори технологиялар, жумладан, мудофаа саноати соҳасидаги ишланмалар тақдим этилди.
«Бундай ютуқлар замирида кўп йиллик илмий изланишлар, иқтидорли муҳандисларнинг меҳнати ҳамда миллий технологияларни ривожлантиришга киритилган инвестициялар турибди. Туркиянинг бу борадаги тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга», — деб маълум қилди Саида Мирзиёева.
«Мутахассисларимиз ўртасида тажриба алмашиш ва технологик лойиҳалар устида биргаликда ишлаш имкониятларини кўряпман», — дея қўшимча қилди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.