АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандга ташриф буюриши кутилмоқда

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандга ташриф буюриши кутилмоқда

Самарқандда 19 октябрь куни «С5+1» форматида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.

Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этади.

Шу куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио икки мамлакат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи даврасини ўтказади.

Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилади.

Шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Марко Рубионинг Самарқандга кутилаётган ташрифи ҳақида Gazeta сентябрь ойида ёзган эди. Ўшанда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор давлат котиби 100 дан ортиқ АҚШ компаниялари вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилишини маълум қилганди.

Горнинг сўзларига кўра, «С5+1» учрашувида асосий эътиборни минтақавий иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақанинг долзарб масалалари бўйича биргаликдаги ечимларга қаратиш режалаштирилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.