«Муносабатларни мустаҳкамлаш учун боргимиз келадиган мамлакатлар бор». АҚШ давлат котиби — «C5+1» учрашуви ҳақида

«Муносабатларни мустаҳкамлаш учун боргимиз келадиган мамлакатлар бор». АҚШ давлат котиби — «C5+1» учрашуви ҳақида

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистонга ташрифи ва «C5+1» форматидаги учрашув сабабини изоҳлади. У бу ҳақда Эндрюс қўшма базасидан Ўзбекистонга жўнаб кетиш олдидан журналистлар билан мулоқотда гапирди.

Журналист давлат котибига дунёда турли инқирозлар юз бераётган ва беқарорлик ҳукм сураётган бир пайтда, нима учун айнан ҳозир Ўзбекистонга ташриф буюришни танлагани ҳақида сўраган.

Марко Рубио бу ташриф вақти бешта мамлакат етакчилари учун ҳам маъқул келган кунларга тўғри келганини айтган.

«Бу шу етакчилар учун маъқул келган вақт бўлди. Бу ерда гап фақат Ўзбекистон ҳақида эмас, Марказий Осиёнинг бошқа тўртта мамлакати ҳақида ҳам кетмоқда», — деди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Рубио, шунингдек, глобал инқирозлар туфайли муҳим стратегик ташрифлар орқага сурилиб кетишини, бироқ Вашингтон ҳамкор мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этди.

«Бу жуда муҳим муносабатлар. Қаердадир инқироз, муаммо чиқса ёки конференция бўлса, ҳамиша ўша ерга шошиламиз ва оқибатда стратегик ташрифларимиз бундан азият чекади. Лекин муносабатларимизни мустаҳкамлашни истаганимиз учун боргимиз келадиган мамлакатлар ҳам бор. Бир неча ҳафта олдин Грецияга, ундан олдин Лотин Америкасига, энди эса Марказий Осиёга келдик», — дея қўшимча қилди у.

Девдепартамент раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу сана Марказий Осиёдаги бешта мамлакат етакчилари ва ташқи ишлар вазирларини бир жойга жамлаш учун энг мақбул вақт бўлган.

Маълумот учун, учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этади.

Шу куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио икки мамлакат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи даврасини ҳам ўтказади.

Марко Рубионинг Самарқандга кутилаётган ташрифи ҳақида Gazeta сентябрь ойида ёзган эди. Ўшанда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор давлат котиби 100 дан ортиқ АҚШ компаниялари вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилишини маълум қилганди.

Горнинг сўзларига кўра, «С5+1» учрашувида асосий эътиборни минтақавий иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақанинг долзарб масалалари бўйича биргаликдаги ечимларга қаратиш режалаштирилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.