Тадбир арафасида Gazeta Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳабов билан АҚШнинг минтақага нисбатан ҳозирги иқтисодий қизиқиши қанчалик жиддий экани, қайси лойиҳалар Америка сармояларини жалб қила олиши, муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик қандай ривожланиши мумкинлиги ва Жексон-Вэник тузатишининг бекор қилинишига нималар халақит бераётгани ҳақида фикр алмашди.

Бироқ мен уларни алоҳида соҳалар сифатида эмас, балки ягона иқтисодий вазифанинг ўзаро боғлиқ босқичлари деб билган бўлардим: инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлаш. Шу билан бирга, Америка технологиялари, молиявий воситалари ва бозорга кириш имкониятлари сармоя ҳажми сингари катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон учун энерготизимни модернизация қилиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, саноат кооперацияси, рақамли ечимлар ва агротехнологиялар алоҳида истиқболга эга.
Аллақачон амалий механизмлар шакллантириб улгурилган: АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) билан қўшма инвестиция платформаси, АҚШ Экспорт-импорт банки (EXIM) билан ҳамкорлик, АҚШ-Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши шулар жумласидандир.
Бугунги бош вазифа — эришилган келишувлардан Америка бизнеси ҳамда молия институтлари иштирокидаги аниқ инвестиция лойиҳаларига ўтишни таъминлашдан иборат.
2026 йилнинг февралида томонлар муҳим минераллар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида янги меморандум тузган. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Минтақавий альянс мавжуд механизмларни, биринчи навбатда, умумий минтақавий кун тартибини шакллантириш ҳисобига тўлдириши мумкин.
Дастлабки босқичлардан бири сифатида Ўзбекистон томонидан Авазадаги саккизинчи Маслаҳат учрашувида таклиф этилган Муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш ташаббусини амалга ошириш хизмат қилиши мумкин. Бу харита минтақа ресурслари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш, саноат кооперациясининг истиқболли йўналишларини ҳамда инфратузилмага бўлган эҳтиёжларни аниқлаш имконини беради.
Бундан ташқари, альянснинг муҳим афзаллиги — лойиҳаларни тайёрлаш ва инвесторлар билан музокаралар олиб боришда минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имкониятидир. Қайта ишлаш, энергия таъминоти ва ташиш масалаларини ўзаро мувофиқлаштириш бундай лойиҳаларнинг жозибадорлигини оширади ва иқтисодий манфаатларни иштирокчилар ўртасида тақсимлашга ёрдам беради.
Кейинги қадам сифатида Америка томонидаги ҳамкорлар билан биргаликда молиялаштириш манбалари, маҳсулот харидорлари ва амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланган флагман лойиҳалар рўйхатини шакллантириш бўлиши мумкин.
Бундай иштирокнинг кўлами жиддий манфаатдорликдан далолат беради, бироқ бу узоқ муддатли сармоялар бўйича қарорлар қабул қилиб бўлинганини англатмайди.
Америка компаниялари биринчи навбатда лойиҳаларнинг ўзини оқлашини, қоидаларнинг олдиндан аниқ ва муқаррарлигини ҳамда тижорий хавф-хатарларни баҳолайди. Шу сабабли молиялаштирилган, қурилиш босқичига ўтган ва ишга тушган лойиҳалар сони асосий кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.
Айнан аниқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши Вашингтоннинг ҳозирги қизиқиши минтақадаги узоқ муддатли иқтисодий иштирокка айлана оладими-йўқми, шуни кўрсатиб беради.
Арманистон ҳудуди орқали транспорт қатновини ривожлантиришни кўзда тутувчи TRIPP (Trump Route for International Peace and Prosperity — «Халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлидаги Трамп йўналиши») ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг амалга оширилиши Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, Транскаспий транспорт коридорини ривожлантиришга ҳамда Марказий Осиёнинг Европа бозорлари билан транспорт ва савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Муносабатларнинг узоқ муддатли пойдеворини яратувчи ҳамда жамиятларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамловчи таълим, илм-фан ва гуманитар алоқалар ҳам кам аҳамиятга эга эмас.
Марказий Осиё Вашингтон билан минтақа давлатларининг манфаатлари ва устуворликларини ҳисобга оладиган мунтазам ҳамда амалий мулоқотдан манфаатдор. Шу маънода, «C5+1» шакли икки томонлама муносабатларни тўлдирган ва мустаҳкамлаган ҳолда сиёсий ҳамкорликнинг зарур изчиллигини таъминлашга қодир.
Шу билан бирга, тузатиш бизнинг савдомизга тўсиқ қўяётгани йўқ: Ўзбекистон аллақачон АҚШ билан нормал савдо муносабатлари режимидан фойдаланмоқда, бироқ бу режим шартли бўлиб, ҳар йили қайта кўриб чиқилиши керак.
Унинг доимий асосда мустаҳкамлаб қўйилиши ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этган, савдо шартларининг олдиндан муқаррарлигини оширган ва узоқ муддатли инвестицияларни режалаштиришда бизнеснинг ишончини мустаҳкамлаган бўларди.
Мувофиқлаштириш масаласига келсак, минтақа давлатлари умумий манфаатга эга, гарчи Вашингтон билан амалий ишлар асосан икки томонлама каналлар орқали олиб борилаётган бўлса-да. Айни пайтда Конгрессда Марказий Осиёнинг бир нечта давлатини қамраб олувчи ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Агар минтақа давлатлари ягона позицияни манфаатдор Америка компаниялари кўмаги билан биргаликда илгари сурса, бу уларнинг саъй-ҳаракатларини анча салмоқли ва таъсирли қилар эди.
Етакчиларнинг Америка маъмурияти билан узоқ муддатли кун тартибини биргаликда муҳокама қилишга тайёрлиги минтақа давлатлари ушбу шерикликка қанчалик катта аҳамият қаратаётганидан далолат беради. Сиёсий мулоқот аниқ иқтисодий мазмун билан ҳам бойимоқда: авиация, муҳим минераллар ва бошқа соҳаларда келишувларга эришилди, «B5+1» платформаси орқали бизнеснинг тўғридан тўғри ҳамкорлиги ривожланмоқда.
Ишончнинг муҳим пойдеворини яна шу нарса ташкил этадики, АҚШ Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва уларнинг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини изчил билдириб келмоқда. Бу Марказий Осиё давлатларининг кўп векторли ташқи сиёсатига ҳамоҳангдир. Мамлакатларимиз ҳамкорлар, бозорлар ва инвестиция манбалари доирасини кенгайтиришга, шу орқали минтақавий субъективликни мустаҳкамлашга интилмоқда.
АҚШ ҳамкор сифатида катта устунликларга эга — илғор технологиялар, молиявий ресурслар, кучли университетлар ва йирик истеъмол бозори шулар жумласидандир. Минтақа учун улар билан ҳамкорлик қилиш саноатни модернизация қилиш, кадрлар тайёрлаш ва халқаро бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятлар эшигини очади.
Шу боис биз ўзаро ишончнинг амалий пойдевори мустаҳкамланаётганини кўряпмиз. Америка бизнеси Марказий Осиёда янги тижорий имкониятларни, минтақа давлатлари эса ўз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишга қодир ҳамкорни кўрмоқда.
Шерикликнинг бундан кейинги ривожи эришилган келишувларнинг амалга оширилишига ҳамда Американинг Марказий Осиёга нисбатан тутган йўлининг изчиллигига боғлиқ бўлади. Минтақа давлатлари учун Вашингтон билан ҳамкорлик аниқ натижалар бериши, уларнинг миллий манфаатларини ҳамда ташқи сиёсий ҳамкорларни мустақил танлаш ҳуқуқини ҳисобга олиши муҳим.
Шу билан бирга, давлатларимиз иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради: Қозоғистон йирик хомашё базасига ва Каспий денгизига чиқиш имкониятига, Ўзбекистон эса катта ички бозорга, саноат салоҳиятига ва қўшни давлатлар билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга. Ҳар икки мамлакат қазиб олишдан ҳам, қайта ишлашдан ҳам манфаатдор, шу сабабли уларнинг муносабатларини фақат битта капитал манбаи учун курашга боғлаб қўйиш масалани ўта соддалаштириб юбориш бўлар эди.
Шуни ҳисобга олиш керакки, 80 миллиондан ортиқ аҳолига эга Марказий Осиё йирик хорижий инвесторлар учун бешта алоҳида иқтисодиётдан кўра, ўзаро боғлиқ минтақавий бозор сифатида анча катта қизиқиш уйғотади. Транспорт йўлаклари, саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш занжирларининг ривожланиши минтақадаги барча давлатларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қодир.
Шунинг учун минтақавий мувофиқлашув ва соғлом рақобат бир-бирига тўлиқ мос келади. Қолаверса, инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш йўлидаги рақобат бутун Марказий Осиё иқтисодий тараққиёти учун қўшимча стимул бўлиши мумкин.
Айрим ҳолатларда ташқи ҳамкорларнинг манфаатлари ҳақиқатан ҳам бир-бирига тўғри келмаслиги ва бу Марказий Осиё давлатлари учун қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкин. Бироқ бу уларнинг мустақил ташқи сиёсий йўлни сақлаб қолиш ва барча асосий ҳамкорлар билан муносабатларни ривожлантиришга бўлган манфаатдорлигини ўзгартирмайди.
Халқаро алоқаларни кенгайтириш, савдо йўналишларини, инвестиция ва технология манбаларини диверсификация қилиш орқали минтақа давлатлари ҳамкорликнинг бир йўналишини бошқасига қарши қўймасликка интилмоқда.
Бундай мувозанатни сақлаш нафақат дипломатик мослашувчанликни, балки қабул қилинаётган қарорларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатларини аниқ ҳисоблаб чиқишни ҳам тақозо этади.
Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ўзгарди. Иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар учун очиқлик ва Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиши ҳамкорлик имкониятларини кенгайтирди. Америка компаниялари янги лойиҳалар ва ўсиб бораётган минтақавий бозорга кириш имконига эга бўлмоқда. Биз учун эса АҚШ билан шериклик — иқтисодиётни ривожлантиришнинг кейинги босқичи учун зарур бўлган технологиялар, капитал ва компетенцияларни жалб этиш имкониятидир.
Барқарорликнинг муҳим кўрсаткичи — АҚШда турли маъмуриятлар даврида муносабатларнинг давомийлиги сақланиб қолаётганидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Вашингтонга ташрифи туфайли пайдо бўлган суръат Стратегик шериклик мулоқоти доирасида, сўнгра олий даражадаги янги келишувларда ҳамда АҚШ-Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ташкил этилишида ўз давомини топди. Ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор иштирокчилар сафи — давлат идоралари, компаниялар, молия институтлари ва олий таълим муассасалари кенгаймоқда.
Шу боис бугунги босқични янада барқарор деб ҳисоблаш учун асослар бор. Бироқ бу барқарорлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан — корхоналарни ишга тушириш, шартномаларни бажариш, мутахассислар тайёрлаш орқали ўз исботини топиши керак.
Бироқ мен муҳим бир ўзгаришга эътибор қаратган бўлардим: ташаббус энди нафақат минтақа давлатларидан чиқмоқда. Ҳар икки партиядан бўлган қонун чиқарувчилар Сенат ва Вакиллар палатасига Жексон-Вэник тузатишини қўллашни тўхтатиш ҳамда доимий нормал савдо муносабатларини ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини киритди.
Савдо-инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари илдамлаши фонида бу чекловларнинг сақланиб қолиши муносабатларнинг бугунги хусусиятига умуман тўғри келмайди.
Худди шундай ишларни Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам олиб бормоқда. Фикримча, ҳозир биргаликдаги ишларни, жумладан, келишилган мурожаатлар ва петициялар, тегишли қўмиталар ҳамда Конгрессда фаолият юритаётган кокуслар билан ҳамкорлик орқали фаоллаштириш учун барча асослар мавжуд. Шу билан бирга, минтақавий мувофиқлашув ҳар бир мамлакатнинг савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор бўлган Америка қонун чиқарувчилари, компаниялари ва тармоқ ассоциациялари билан олиб борадиган мустақил ишини тўлдириши лозим.
Муҳими, тузатишнинг бекор қилиниши Вашингтонда ташқи ҳамкорга ён бериш эмас, балки Америка иқтисодиётининг ўз манфаатларига жавоб берадиган қарор сифатида қабул қилиниши керак.
Авазадаги учрашув минтақавий ҳамкорликнинг кейинги босқичи — қўшма ишлаб чиқариш, инфратузилмани мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича ёндашувларнинг яқинлашганини кўрсатди.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Олтита иқтисодиёт — битта маҳсулот» формуласи ушбу мантиқни яхши ифодалайди. Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон рақобатбардош маҳсулотлар яратиш учун хомашё, энергия, технология ва логистика имкониятларини бирлаштириши мумкин. Бу ташқи ҳамкорларга минтақавий миқёсдаги лойиҳаларни таклиф этиш ва минтақа ичида кўпроқ қўшилган қийматни сақлаб қолиш имконини беради.
Шу билан бирга, солиққа тортиш, муайян инвестициялар шартлари ва ташқи ҳамкорларни танлаш, энг аввало, миллий давлатларнинг ваколатида қолади. Мен мавҳум бўлган «барча масалалар бўйича ягона позиция»га эмас, балки АҚШ, ЕИ, Хитой, Россия ва бошқа ҳамкорлар билан муҳокама қилишга тайёр бўлган бир нечта қўшма таклифларга эътибор қаратган бўлардим.
Кучли Марказий Осиё — бир хил сиёсат юритадиган бешта давлат дегани эмас, балки умумий натижа алоҳида натижадан кўра фойдалироқ бўлган ўринларда биргаликда ҳаракат қила оладиган бешта давлатдир.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.