Самарқандда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ташкилотнинг бугунги кундаги роли, туркий цивилизация тарихига оид қимматли далилларни ўрганишда ҳамкорлик қилиш ҳамда ташкилотнинг Рақамлаштириш марказини ташкил этиш борасида гапирди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.
Президент сўзи аввалида туркий мамлакатларни бирлаштирган аксарият ташкилотлар — ТУРКСОЙ, ТуркПА ва Туркий академиянинг пайдо бўлиши Қозоғистон ташаббуси билан тузилганинии таъкидлаб ўтди. У ташкилот фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали фаол тарғиб қилиш ҳақида гапирар экан, унинг фаолияти билан ҳамма ҳам яхши таниш эмаслиги ҳақида гапирди. Бу ишни етакчи халқаро агентликлар ва мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари Astana Hub халқаро технопарки негизида Туркий давлатлар ташкилотининг Рақамлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қилди.
«Ушбу тузилма савдо, транспорт, сув ресурсларидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги ва бошқа муҳим тармоқлар учун жуда зарур бўлган рақамли ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради. Ташаббусни самарали амалга ошириш учун муҳим стартап лойиҳаларга сармоя жалб этадиган Туркий мамлакатлар венчур фондини ташкил этишни таклиф қиламан», — деди мамлакат раҳбари.
«Ташкилотимиз фаолияти фақат дипломатик саммитлар ва якуний ҳужжатлар имзоланадиган учрашувлар билан чекланиб қолмаслиги керак. ТДТ туркий дунёни бирлаштирувчи ва яқинлаштирувчи нуфузли платформага айланиши керак, деб ҳисоблайман. Биз барча чорлов ва таҳдидларга биргаликда қарши туриш учун бирдамлик кўрсатишимиз, қудратли ва нуфузли кучга айланишимиз керак», — деди Қозоғистон президенти.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.