Амрилло Иноятов Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори бўлди
Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 2023 йил кузида қайта ташкил этилган Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори этиб тайинланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Амрилло Шодиевич Иноятов Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик хабар берди.
Иноятов 2022 йил декабрь ойининг сўнгидан то 2024 йил бошига қадар соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келаётганди.
4 январь куни Асилбек Худаяров Амрилло Иноятовнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
«Газета.uz»да реклама
2023 йилнинг сентябрь ойида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилинганди.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
- тиббий статистикани шакллантириш ва юритиш, статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш.