Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари бир-бирларини табриклашди​​​​​​​​​​​​​​​​

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари бир-бирларини табриклашди​​​​​​​​​​​​​​​​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туркман халқининг Миллий Лидери, Туркманистон Халқ Маслаҳатининг Раиси Гурбангулы Бердымухамедов билан телефон суҳбати 20 март куни бўлиб ўтди.

Суҳбат бошида раҳбарлар бир-бирларини муқаддас Рамазон Ҳайити ва баҳорги Наврўз байрами муносабати билан самимий табриклаб, икки мамлакатнинг биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва янада гуллаб-яшнашни чин юракдан тиладилар.

Давлатимиз раҳбари шунингдек Туркманистон Президенти Сердар Бердымухамедовга илиқ табрикларини йўллади.

Ўзбек-туркман дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари ривожининг фаол динамикаси мамнуният билан қайд этилди.

Барча даражалардаги самарали алоқалар давом этмоқда. Тайёр маҳсулот етказиб бериш ҳисобига товар айирбошлашнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда. Ўзаро савдони кучайтиришга яқинда ишга туширилган «Шават-Дашогуз» савдо зонасининг самарали фаолияти ҳам кўмаклашмоқда.

Туркманбоши порти орқали юк ташишлар ҳажми изчил ошиб бормоқда. Энергетика, саноат, сув хўжалиги ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Парламентлараро, минтақалараро, тадбиркорлик ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдилар. Барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли вазиятни сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар орқали ҳал этишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, шу йилда мўлжалланган кўп томонлама ва икки томонлама тадбирлар жадвали муҳокама қилинди.​​​​​​​​​​​​​​​​

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.