2025 йил якунлари бўйича ўтказилган навбатдаги баҳолашда жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Жараён 8 та индикатор ва 84 та баҳолаш мезони асосида амалга оширилди.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи “яшил” тоифада қайд этилди. 22 та ташкилот “сариқ”, 9 таси эса “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини намоён этди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2022 йилдаги дастлабки баҳолаш натижалари билан таққослаганда ижобий динамика кузатилган. Хусусан, “яшил” тоифадаги ташкилотлар сони 3,5 баробарга ошган. Шу билан бирга, “сариқ” тоифа 2 баробарга, “қизил” тоифа эса 3 баробарга қисқарган.
Очиқлик бўйича энг юқори кўрсаткичлар “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
Шу билан бирга, республика даражасидаги айрим ташкилотлар паст кўрсаткичларни намоён этди. Хусусан, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, шунингдек ҳудудий миқёсда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “қизил” тоифада баҳоланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.