Тезкор тадбирлар давомида Фарғона вилояти ИИБ ходимлари томонидан Қува туманида туғилган, 1997 йилдаги фуқаро қўлга олинди. Аниқланишича, у ўзини воситачи сифатида таништириб, кредит тарихи ёмон бўлган шахсларга «масалани ҳал қилиб бериш»ни ваъда қилиб, хизмат ҳақи эвазига ёрдам таклиф қилган.
Фирибгарлик ишончни суиистеъмол қилиш асосида амалга оширилган. Асосий кредит расмийлаштирилгандан сўнг, гумонланувчи мижозлар номига яширин равишда қўшимча кредитлар ҳам расмийлаштирган. Масалан, жабрланувчилардан бири 130 миллион сўм олган бўлса, кейинчалик унинг номига яна бир кредит расмийлаштирилгани маълум бўлган. Яна бир фуқаро 73 миллион сўмлик “ортиқча” қарз ҳақида хабар берган, уни гумонланувчи қоплаб беришни ваъда қилган, аммо кейин алоқага чиқмаган.
Терговда биометрик маълумотлардан фойдаланиш ҳолатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир ҳолатда аёлга ариза расмийлаштириш баҳонасида Face ID орқали текширувдан ўтиш таклиф қилинган ва унга рад жавоби берилгани айтилган. Бироқ икки ойдан сўнг унинг банк картасидан 80 миллион сўмлик кредит бўйича тўловлар ечила бошлаган. Яна бир ҳолатда эса фуқаро номига 105 миллион сўмдан ортиқ ипотека кредити расмийлаштирилган.
Қўлга олинган шахс банк ходими эмаслигини тан олган ва кредитларнинг ҳақиқий миқдорини яшириб, уларни шахсий мақсадларда ишлатганини билдирган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Қайд этилишича, 22 апрелдан Ўзбекистон Марказий банки ташаббуси билан кредит фирибгарлиги қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича янги қоидалар кучга киради. Унга кўра, жиноий йўл билан расмийлаштирилган кредитлар бўйича фоизлар, жарималар ва пенялар ҳисобланиши тўхтатилади. Агар маблағлар ундирилган бўлса, улар суд қарори асосида қайтарилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни кредит расмийлаштиришда бегона шахслар хизматидан фойдаланмасликка ҳамда шубҳали ҳолатларда зудлик билан 102 рақамига мурожаат қилишга чақирмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.