Тергов маълумотларига кўра, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Гулистон шаҳридаги кўп қаватли бино қурилиши билан боғлиқ кассация шикоятини кўриб чиқиш жараёнида банк филиали ходими билан тил бириктирган. Қонунга кўра иш тадбиркор фойдасига ҳал қилиниши лозим бўлганига қарамай, судья вазиятдан шахсий манфаат кўришга қарор қилган.
Воситачи сифатида банк ходими орқали қурувчидан ишни ижобий ҳал қилиш учун 7,5 минг АҚШ доллари талаб қилинган. Оператив тадбир давомида тадбиркор ушбу сумманинг биринчи қисми — 5,5 минг долларини топширган.
Суд қарори чиқарилгандан сўнг воситачи судьяга унинг улуши — 3,6 минг долларни берган вақтда ҳар икки шахс жиноят устида қўлга олинди.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХҲ фуқароларни коррупция ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақиради. Мурожаатлар махфийлиги ва мурожаат қилувчилар ҳимояси кафолатланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.