Лойиҳа 65-халқаро гуллар фестивалига бағишланган бўлиб, бир ой ичида 150 миллион гул экишни назарда тутади. Муваффақиятли амалга оширилса, натижа расман жаҳон рекорди сифатида қайд этилади.
Тантанали очилиш маросими шаҳар марказида бўлиб ўтди ва унда ҳокимият вакиллари, халқаро ташкилотлар, жамоат арбоблари, ёшлар ҳамда хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуритдинов таъкидлашича, ташаббус нафақат экологик ҳолатни яхшилашга, балки ҳудуднинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга ҳам қаратилган.
Жараён шаффофлигини халқаро экспертлар назорат қилмоқда. Жумладан, тадбирда Гиннес жаҳон рекордлари ташкилотининг БААдаги вакили Канзи Дефрави иштирок этиб, барча босқичлар халқаро стандартларга қатъий мос равишда амалга оширилишини таъкидлади.
Ҳар йили Наманганнинг гулчилик соҳаси жадал ўсишни намойиш этмоқда. Агар 2018 йилда шаҳарда 4,5 миллион гул экилган бўлса, бу йил кўрсаткични 30 баравардан ортиқ ошириб — 120 турдаги 150 миллион кўчатга етказиш режалаштирилган.
65-халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлгача бўлиб ўтади ва 150 дан ортиқ маданий ҳамда кўнгилочар тадбирларни, жумладан халқаро форумлар, кўргазмалар ва концертларни ўз ичига олади.
Лойиҳа шаҳар манзарасини янгилаш билан бирга, Наманганнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаши, туристик жозибадорлигини ошириши ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.