Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабековнинг маълум қилишича, айни пайтда мамлакатда хантавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Мутахассис таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хантавирус коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемия келтириб чиқариш хавфи паст баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, хантавируснинг дунё бўйича 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримлари инсонларда касаллик чақириши мумкин. Инфекция асосан кемирувчилар орасида тарқалади. Вирус одамга кўпроқ зарарланган ҳайвонларнинг пешоби, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган чанг, буюм ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкин.
Шифокорлар фикрича, айрим ҳолатларда кемирувчилар мавжуд муҳитда узоқ вақт бўлиш ёки улар билан доимий алоқа қилиш ҳам касаллик юқиш хавфини оширади.
Хантавирус инфекцияси одатда тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушаклар ва қорин соҳасида оғриқ каби белгилари билан намоён бўлади. Касалликнинг оғир кечувчи шаклларида эса буйрак етишмовчилиги, нафас олиш ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ асоратлар кузатилиши мумкин.
Мутахассислар ҳозирча хантавирусга қарши махсус вакцина ёки аниқ даволаш протоколи ишлаб чиқилмаганини билдирмоқда. Даволаш жараёни асосан беморда кузатилаётган симптомларга қараб олиб борилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан вирусологик мониторинг ишлари доимий равишда амалга оширилаётgani маълум қилинди. Шу билан бирга, аҳолига профилактик чораларга қатъий амал қилиш тавсия этилмоқда.
Хусусан, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, яшаш ва иш жойларини озода сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри сақлаш, мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш, кемирувчилар чиқиндиларини тозалашда эҳтиёт чораларини кўриш ва хоналарни мунтазам шамоллатиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, эндемик ҳудудларга бориб келган фуқароларга ўз ҳудудидаги оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиш тавсия этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакат ҳудудига ташқи инфекциялар кириб келишининг олдини олиш мақсадида 53 та чегара назорат пунктида доимий санитария-эпидемиологик назорат йўлга қўйилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.