Тошкентда Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади

Тошкентда Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади

2026 йил 4–6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик, ўзаро боғлиқлик, барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш» мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Термиз мулоқоти 2025 йилда доимий фаолият юритувчи халқаро платформа сифатида таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини амалий жиҳатдан илгари суришга кўмаклашишга қаратилган. Мазкур ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлда қабул қилинган махсус резолюцияси билан мустаҳкамланган.

Бу галги йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америка давлатларидан 150 нафардан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса Термиз мулоқотининг Евроосиё маконида ўзаро боғлиқлик, ишонч ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилувчи инклюзив ва очиқ халқаро платформа эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Мулоқот ҳамкорлари ва иштирокчилари орасида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси, шунингдек, етакчи таҳлил марказлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва тинчликпарвар ташкилотлар, жумладан, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Конрад Аденауэр жамғармаси, Бергхоф жамғармаси, PeaceNexus, Search for Common Ground, Жоржтаун университети ва бошқа ташкилотлар қатнашади.

Форум дастуридан «Сиёсий мулоқот ва иқтисодий боғлиқлик — ОҲИЧК маконида барқарор ривожланиш асоси» мавзусидаги юқори даражадаги ялпи мажлис ўрин олган. Шунингдек, иқлим ўзгаришига биргаликда мослашиш ва экологик барқарорлик, маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига бағишланган икки махсус тематик сессия ҳам ўтказилади.

Тадбир доирасида минтақавий хавфсизлик, Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан Афғонистон–Ўзбекистон–Покистон йўналишида мулоқотни ривожлантириш, транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ишончни шакллантириш ва барқарор ривожланишнинг умумий кун тартибига бағишланган эксперт ва академик муҳокамалар ҳамда қўшимча тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалаларига, шунингдек, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш соҳаларида ёшлар ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Форум дастурида сайёр сессиялар ҳам назарда тутилган. Уларнинг доирасида иштирокчилар Термиз шаҳрига ташриф буюриб, Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик учун яратилган замонавий инфратузилма, жумладан, «Айритом» халқаро савдо маркази ва «Termez Cargo Center» халқаро логистика хаби фаолияти билан танишадилар. Шунингдек, меҳмонлар қадимий шаҳарнинг бой маданий-тарихий меросини ҳам кўриш имконига эга бўладилар.

Мулоқотнинг учинчи куни Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Делегатлар тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги кўприк вазифасини бажарган Самарқанд Ренессансининг ноёб цивилизацион мероси билан танишадилар.

Йиғилиш якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, конструктив ҳамкорликни ривожлантириш ва барқарор ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган Коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.