UFC: Нурсултон Рўзибоев UFC’даги 5-ғалабасини қўлга киритди (видео)

UFC: Нурсултон Рўзибоев UFC’даги 5-ғалабасини қўлга киритди

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилаётган UFC Fight Night 280 турнирида ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси Нурсултон Рўзибоев ўзининг навбатдаги жангини ўтказди. Унга ушбу баҳсда россиялик Андрей Пуляев рақиблик қилди.

Ўрта вазн тоифасида ташкил этилган ва 3 раунд этиб белгиланган рейтинг жанги узоқ давом этмади. Нурсултон Рўзибоев илк раунддаёқ ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан рақибини сабмишен (оғритувчи усул) орқали таслим этди.

Ушбу муваффақият орқали ўзбекистонлик спортчи MMA фаолиятидаги 37-ғалабасини нишонлади (унинг ҳисобида 9 та мағлубият ва 2 та дуранг ҳам бор). Мазкур тўқнашув Рўзибоев учун ушбу промоушендаги олтинчи жанг бўлди. Эндиликда унинг UFC’даги кўрсаткичи 5 та ғалаба ва 1 та мағлубиятни ташкил этмоқда.

28 ёшли Андрей Пуляев эса MMA фаолиятидаги 5-мағлубиятини қабул қилиб олди (ҳисобида 10 та ғалаба мавжуд). Россиялик жангчи UFC’да 2025-йилнинг март ойидан бери фаолият юритиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Рўзибоев бундан аввалроқ UFC 319 турнирида америкалик Брайан Баттл билан октагонга кўтарилиши лозим эди. Бироқ Баттл белгиланган вазн меъёрини бажара олмагани сабабли ушбу жанг сўнгги паллада бекор қилинганди.

Маълумот ўрнида, Боку шаҳри мезбонлик қилаётган UFC Fight Night 280 турнирининг асосий жанги Рафаэл Физиев ҳамда Мануэл Торрес ўртасида бўлиб ўтади.

Манба: daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.