Томонлар ҳаво сифати мониторинги тизимини ривожлантириш, илмий маълумотлар алмашиш ҳамда жорий йил апрель ойида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан қўллаб-қувватланган «Тоза ҳаво» қўшма лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда ҳаводаги PM2.5 ва PM10 майда заррачалари миқдорини кузатиш, шунингдек, атмосфера жараёнларининг ифлослантирувчи моддаларни давлат чегаралари орқали кўчиришига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, ҳаво ифлосланиши муаммоси қўшма илмий тадқиқотлар ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни талаб қилади.
Музокаралар якунида трансчегаравий ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш учун икки мамлакат олимлари ва соҳа мутахассислари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.
Ташриф доирасида Қозоғистон делегацияси «Тоза ҳаво» дастури доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик лойиҳалар билан ҳам танишди. Меҳмонлар Тошкент вилоятида иссиқхоналарни кўчириш ишлари, замонавий чиқинди тозалаш тизимларига эга Тошкент иссиқлик электр станцияси ҳамда автотранспорт учун экологик стикерлар бериш механизмини кўздан кечирди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар чегарадош ҳудудларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган қўшма лойиҳаларни мунтазам амалга ошириш ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.