АҚШда HUMO ва UZCARD карталарига пул ўтказиш имконини берувчи сервис ишга туширилди

АҚШда HUMO ва UZCARD карталарига пул ўтказиш имконини берувчи сервис ишга туширилди

АҚШда Ўзбекистон миллий тўлов тизимларига тегишли HUMO ва UZCARD банк карталарига тўғридан-тўғри пул ўтказиш имконини берувчи янги рақамли сервис ишга туширилди.

Янги сервис Нью-Йоркда Ўзбекистонлик тадбиркорлар Хусрав Маҳмудов ва Акмал Абдуллаев томонидан ташкил этилган uPay.net финтех платформаси негизида ишга туширилди. Платформа асосан АҚШда яшаб, ишлаётган ҳамда Ўзбекистондаги яқинлари билан молиявий алоқаларни сақлаб келаётган фуқароларга мўлжалланган.

Аввал uPay.net фойдаланувчилари Ўзбекистонда мобил алоқа, интернет, коммунал ва бошқа хизматлар учун масофадан туриб тўловларни амалга оширишлари мумкин эди. Энди платформа имкониятлари кенгайтирилиб, фойдаланувчиларга маблағларни тўғридан-тўғри HUMO ва UZCARD карталарига юбориш имконияти яратилди.

Ишлаб чиқувчилар маълумотига кўра, барча операциялар рақамли форматда амалга оширилади. Сервисни ишга туширишда транзакциялар хавфсизлиги, АҚШ ва Ўзбекистон молиявий қонунчилигига риоя қилиш, шунингдек, зарур банк, технологик ва комплаенс инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳа вакиллари Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда ватандошлар ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Бу орқали ўзбек диаспорасининг эҳтиёжларини инобатга олиш ва рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш кўзда тутилган.

АҚШдан пул ўтказмаларини йўлга қўйиш лойиҳанинг биринчи босқичи бўлди. Келгусида сервис географиясини кенгайтириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан чиққан фуқаролар учун қўшимча ечимларни таклиф қилиш режалаштирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.