“Мен сўраган рақибимни беришганидан жуда хурсандман. У сўнгги жангида ажойиб ҳаракат қилди ва рейтингда мендан юқорида турибди. Шу сабабли айнан уни танладим. Менимча, иккаламиз ҳам томошабоп жанг кўрсата оламиз. Худо хоҳласа, олдинги жангимдаги каби бор кучим билан ҳаракат қиламан. Кўп гапирмоқчи эмасман, барчасини ўша куни кўрасизлар. Мухлисларга чиройли жанг тақдим этаман”, деди Темиров.
Ўзбекистонлик спортчи Кавана устидан қозониладиган ғалаба орқали чемпионлик учун даъвогарлар қаторига киришни мақсад қилган. Ҳозирда ўта енгил вазн тоифасининг чемпионлик камари Жошуа Ванга тегишли. Унинг Манел Капе билан навбатдаги камар ҳимояси 2027 йил бошида ўтказилиши режалаштирилган. Темиров эса амалдаги чемпион билан жанг қилишга ҳам тайёр эканини таъкидлади.
“Жошуа Ван тик туриб жанг қилишни яхши кўради. Менимча, ўзаро тўқнашувимиз жуда қизиқарли кечарди. Кимга қарши чиқишимдан қатъи назар, доим жангга тайёрман. Ўз вазн тоифамда мен учун жуда хавфли деб ҳисоблайдиган спортчини кўрмаяпман. Ван билан қачондир октагонда учрашсак, барчасини вақт кўрсатади. Аммо ғалаба қозонишимга ишонаман”, дея қўшимча қилди Темиров.
Маълумот учун, UFC 333 турнири доирасидаги жанглар Абу Дабидаги “Etihad Аrenа”да бўлиб ўтади. Темировнинг рақиби Кавана профессионал фаолияти давомида 10 та ғалаба ва 2 та мағлубият қайд этган. У UFC’да бешта жанг ўтказиб, учтасида ғалаба қозонган.
Темиров эса профессионал MMA’да 20 та ғалаба ва 2 та мағлубиятга эга. Ўзбекистонлик спортчи UFC’даги учта жангининг барчасида зафар қучган.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.