«Давлат ва жамият мулоқотининг янги босқичи». Саида Мирзиёева — Зиёлилар кенгашидан кутилаётган натижалар ҳақида

«Давлат ва жамият мулоқотининг янги босқичи». Саида Мирзиёева — Зиёлилар кенгашидан кутилаётган натижалар ҳақида

23−24 ноябрь кунлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бунгача октябрь ва ноябрь ойлари давомида «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида барча ҳудудларда йиғилишлар ўтказилган эди.

Кенгаш мамлакатнинг илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш, зиёлилар вакилларининг ижтимоий ҳаётдаги ҳамда давлат тараққиётининг долзарб вазифаларини ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган. Йиғилишда сўзга чиққан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бундай кенгашнинг ташкил этилиши давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичига айланишига ишонч билдирди.

«Зиёлиларимиздан холис фикр ва дадил таклифларни кутамиз. Кенгаш янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.

«Давлат ва жамият мулоқотининг янги босқичи». Саида Мирзиёева — Зиёлилар кенгашидан кутилаётган натижалар ҳақида
Республика йиғилишидан олдин бўлиб ўтган муҳокамаларга баҳо берар экан, ПА раҳбари шундай таъкидлади: «Юртдошларимиз муаммони кўряпти, ечим таклиф қиляпти, масъулиятни зиммасига олишга тайёр. Энди бу жараённи амалий ишга айлантириш вақти келди».

«Ҳукумат қарорларининг халқ ҳаётига таъсирини жойлардаги илм аҳли — муаллим, шифокор ёки олим ҳаммадан яхши билади. Шунинг учун ҳам ҳудудларнинг овозига қулоқ солиш ўта муҳимдир», — деди Саида Мирзиёева.

У президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантаналарда келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб эълон қилганини эслатиб ўтди. «Миллий юксалиш — фақатгина иқтисодий ўсиш эмас. Бу — инсон қадри, адолат, билим, маданият ва ҳар бир фуқаронинг Ватан тақдирида тутган ўрнидир. Зиёлилар — ана шу юксалишнинг маънавий таянчи», — дея қайд этди администрация раҳбари.

Ҳудудий муҳокамалар давомида еттита устувор йўналиш белгилаб олинди: миллий ўзлик ва инсон қадри, ватанпарварлик ва миллий тарбия, илм-фан ва таълим, рақамли ривожланиш, маданият, инновацион тиббиёт, яшил иқтисодиёт ва тадбиркорлик.

«Давлат ва жамият мулоқотининг янги босқичи». Саида Мирзиёева — Зиёлилар кенгашидан кутилаётган натижалар ҳақида
«Уларнинг ҳар бири муҳим, албатта. Аммо мен икки жиҳатга — миллий ўзлик ҳамда она тили ва адабиёт масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман», — деди Саида Мирзиёева.

«Биз „ЎЗ“ тушунчасига кенг маъно беряпмиз: Ўзбекистон, ўзгариш, ўзлик ва масъулият. Ушбу ғояни чуқур ўрганиш ва жамиятда кенг муҳокама қилишда сизнинг ҳиссангиздан умидимиз катта», — деди у.

ПА раҳбари ўзбек тилини «халқ тафаккурининг ифодаси, бебаҳо маънавий бойлик» деб атади: «Тилимиз илмда, технологияда, интернетда, кино ва адабиётда ҳам тўлақонли яшаши зарур. Ёшларимиз бир эмас, бир қанча жаҳон тилларини ўргансин. Мукаммал, пухта ўргансин. Аммо, аввало, она тилимизда теран фикрласин».

У адабиёт ва санъатда «миллий руҳга эга, бадиий савияси баланд бўлган асарлар»га эҳтиёж катта эканини қайд этди: «Баъзан юзлаб маърузалар етказа олмаган фикрни яхши китоб, кучли саҳна асари ёки таъсирли фильм орқали инсонлар қалбига жо қилиш мумкин».

«Маънавий тараққиётимизнинг узоқ муддатли йўналишини белгилар эканмиз, кун тартибига бир қатор долзарб масалалар чиқади: беш-ўн йилдан кейин ёшларимиз қандай билимга эга бўлади? Йигирма, ўттиз йилда жамиятимиз қай даражага етади? Бу саволларга илмий таҳлил асосида жавоб берайлик», — деди у.

«Шу ўринда очиқ айтаман: зиёлилар деганда, фақатгина гапимизни маъқуллаб турадиган тингловчилар аудиториясини эмас, балки холис фикри, асосли танқиди, журъатли таклифлар ва янги ғоялари билан бизни қўллайдиган елкадошларни кўришни истардик. Администрация сиз билан ҳамкорликка доимо тайёр», — деди Саида Мирзиёева.

«Давлат ва жамият мулоқотининг янги босқичи». Саида Мирзиёева — Зиёлилар кенгашидан кутилаётган натижалар ҳақида
«Энди асосий савол: Ўзбекистон зиёлилари кенгаши қандай ишлаши керак?» — дея сўради у ва ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

«Президентимиз халқни эшитиш, фуқаролар фикрини қарорларда инобатга олиш давлат идораларининг бош мезони бўлиши кераклигини доим таъкидлаб келадилар. Мен Зиёлилар кенгашини ана шу тамойил асосида ишлайдиган, давлат ва жамият ўртасидаги доимий мулоқот майдони сифатида кўраман», — дея таъкидлади ПА раҳбари.

У кенгаш фаолиятини учта аниқ натижага эришишга қаратишни таклиф қилди:

«Биринчидан, инсон қадри, адолат, тинчлик ва қонун устуворлиги йўлида бирдамликни мустаҳкамлаш.

Иккинчидан, маънавий тараққиётнинг узоқ муддатли йўлини белгилаш.

Учинчидан, зиёлилар таклифининг давлат қарорларига таъсирини кучайтириш".

«Миллий юксалишни бизга ҳеч ким тайёр ҳолда бермайди. Уни меҳнатимиз, ақл-заковатимиз ва бирдамлигимиз билан ўзимиз барпо этамиз. Бу йўлда Ўзбекистон зиёлилари бор билим ҳамда тажрибаси, куч ва ғайратини сафарбар этишига ишонаман!» — дея якунлади Саида Мирзиёева.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.