Шахмат. Гукешнинг шашти пасайди, Абдусатторов ва Праггнанандха ғолиблик остонасига яқин

Шахмат. Гукешнинг шашти пасайди, Абдусатторов ва Праггнанандха ғолиблик остонасига яқин

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess — 2025” турнирининг ортда қолган 11-тур баҳсларида “Мастерс” гуруҳида етакчиликка даъвогар бўлган Гукеш ва Абдусатторов дурангга эришган бўлса, Рамешбабу Праггнанандха ғалабага эришди.

Ушбу турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда германиялик Винсент Кеймер билан куч синашди. Нодирбек қора доналарда ҳаракатланган бўлса-да, ғалабага яқин келди. Бироқ, 38-юриш ҳолатидаги хатолик ва бундан унумли фойдаланган германиялик шахматчи ҳамюртимизнинг устунликка эга бўлишига йўл қўймади. Натижада ўйинда муроса йўли танланди.

Шахмат. Гукешнинг шашти пасайди, Абдусатторов ва Праггнанандха ғолиблик остонасига яқин
11-турда “Мастерс” гуруҳида пешқадамлик қилаётган ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу оқ доналарда хитойлик Вэй Ига қарши дона сурди. 30-юриш вазиятида дуранг натида қайд этилиши амалдаги жаҳон чемпиони Гукешнинг яққол етакчилик шиддатини бироз пасайтирди.

Абдусатторовдан кейинги поғонани банд этган Рамешбабу Праггнанандха мазкур турда қора доналарда АҚШлик Фабиано Каруана билан баҳс олиб боришига қарамасдан ғалабага эришди.

Бугун ўтказиладиган 12-тур остонасида Гукеш ҳисобида 8 очко мавжуд бўлса, кейинги поғонада бораётган Абдусатторов ва Праггнанандха 7,5 очкога эга бўлиб турибди. Улардан кейинги қаторларда ўрин эгаллаган Вэй И, Аниш Гири ва Владимир Федосеев 6 очкога эгалик қилишган.

Шахмат. Гукешнинг шашти пасайди, Абдусатторов ва Праггнанандха ғолиблик остонасига яқин
“Tata Steel Chess — 2025”нинг якунланишига 2 та тур қолганда етакчилар ва даъвогарларнинг очколаридаги фарқидан ҳам кўриниб турибдики, ғолиблик айнан 3 нафар шахматчи ўртасида кечади. Аммо, сўнгги турларда турнир давомида ҳали мағлубиятга учрамаган 3 нафар шахматчидан бири хитойлик Вэй эканини, у охирги ўйинларни Гири ва Федосеев билан ўтказишини назарда тутсак, чин юрти вакили етакчилар қаторидан ўрин эгаллаш имконияти сақланиб турибди.

Бироқ, пешқадамлар қаторида бораётган қайси шахматчи Вэйга ўрнини бўшатиб беради? Бу саволга жавобни олдиндаги ўйинлар натижаси орқали билиб оламиз.

Бугун, 1 февраль куни ўтадиган 12-турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда 3,5 очко билан 13-ўриндан жой олган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан баҳслашади. Турнир пешқадами Гукеш мазкур турда қора доналарда нидерландиялик Йорден ван Форест билан, Праггнанандха оқ доналарда сербиялик Алексей Сарана билан куч синашади.

Шахмат. Гукешнинг шашти пасайди, Абдусатторов ва Праггнанандха ғолиблик остонасига яқин
“Челленжер“ гуруҳида қатнашаётган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 11-турда қора доналарда аргентиналик Фаустино Орони мағлуб этди ва очколари сонини 6 тага етказиб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига 6-ўринга кўтарилиб олди.

Бугун ўтадиган 12-турда Ёқуббоев оқ доналарда нидерландиялик Артур Пейперс қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. Айтиш лозим, Нодирбек Ёқуббоевнинг бугунги рақиби 5 очко билан 11-қаторда бормоқда.

Эртага мусобақанинг сўнгги 13-турида Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Пентала Харикришна билан рўбарў келса, Нодирбек Ёқуббоев хитойлик Лу Мяои билан баҳс олиб боради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.