Freestyle Chess. Синдаров Каруанани мағлуб этишга жуда яқин келди, аммо «армагедон» партияда имкониятни бой берди

Freestyle Chess. Синдаров Каруанани мағлуб этишга жуда яқин келди, аммо «армагедон» партияда имкониятни бой берди

Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида «2025 Freestyle Chess Grand Slam» мусобақасида ярим финал босқичи якунига етди.

Жавоҳир Синдаров ва Фабиано Каруана ўртасидаги тўқнашув нақ 7 партия давом этди. Классик форматдаги икки ўйин дуранг билан якунлангач, томонлар дастлаб рапид форматида (10+10) иккитадан ўйин ўтказишди. Уларда ҳам дуранг қайд этилди.

Кейин навбат блиц форматига берилди (5+3). Уларнинг дастлабкисида Синдаров ғалаба қозонди. Жавоб ўйинида ҳамюртимизни дуранг ҳам қаноатлантирарди. Ўйин сўнгида Синдаров ҳатто ғалаба қозониш учун яхши имкониятга эга бўлди. Аммо вақт жуда қисқалигида у аниқ юришни топа олмади ва ҳимоядаги Фарзинини олисларга олиб кетиб қолди. Фарзин ҳимояга қайта олмагач, Каруана ғалаба қозонди ва ҳисобни тенглаштирди.

«Армагедон» партияда эса Синдаровга оқ доналар тушди ва унга ғалаба қозониш вазифаси қўйилди (қораларни дуранг ҳам қаноатлантиради). Аммо Жавоҳир бу ишни эплай олмади. Натижада АҚШлик спортчи финалга йўл олди. Унга Винсент Кеймер рақиблик қилади.

Синдаров эса 3-ўрин учун Магнус Карлсенга қарши дона суради. Абдусатторов эса 5-ўрин учун Хикару Накамурага тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг мукофот жамғармаси — 750.000 долларга тенг. Ғолиб шахматчига 200.000 доллар берилади. Финалчи 140.000 долларга эга бўлса, 3-ўрин эгасига 100.000 берилади. 4-ўрин эгаси 60.000, 5-ўринни қўлга киритган шахматчи эса 50.000 доллар билан уйга қайтади.

Манба: stadion.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.