Очиқлик ва шаффофлик: ишонч ишончни туғдиради

Очиқлик ва шаффофлик: ишонч ишончни туғдиради

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши соҳада ислоҳотлар шиддатини кўрсатди.

Ишонч жуда танқис нарса. У бор пайти сиздан хотиржами бўлмайди, йўғида сиздан бедори учрамайди. Кў-ў-ўп масаланинг тугуни ишончсизликда, ечими ишончда турибди. Гапни нега айнан ишончдан бошладик? Бундан етти-саккиз... ўн йилча олдин турли соҳаларда болалаб кетган коррупциявий ҳолатлар одамни одамдан бездириб, нафратлантириб, одамни тизимга ишонқирамай қарашга ўргатиб бўлаёзганди. Таълим, қурилиш, йўл ҳаракати, давлат хизматлари... хулласи, инсон омилига боғлиқ жараён борки, коррупция (хавфи) юқори эди.

Яқинда ўтказилган Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши соҳада ислоҳотлар шиддатини кўрсатди.

Таълимда нима гап?

Бир неча йил олдин мактабгача ва мактаб таълими соҳасида кўплаб муаммолар мавжуд эди. Ота-оналар фарзандларини боғча ёки мактабга жойлаштиришда турли мураккабликларга дуч келар, “бошқа йўллар”, “бошқа қўллар” билан муаммони ҳал қилиш ҳолатлари ҳам кузатиларди. Оқибатда, болалар таълим олиш ҳуқуқидан тенг фойдаланолмас, баъзи ҳудудларда эса мактаб ва боғчалардаги ўринлар етишмовчилиги муаммо бўлиб қоларди.

Охирги йилларда таълимда яхши ечимлар бериляпти. Мактабгача ва мактаб таълимида 10 дан ортиқ хизмат тури тўлиқ электрон тизимга ўтди. Натижада соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайишига эришилди. Эндиликда ота-оналар болаларини боғча ва мактабга онлайн тизим орқали жойлаштиради. Бу хизматлардан унумли фойдаланаётган ота-оналар жуда яхши билади – қоғозбозлик йўқ, вақтдан ютишяпти, бундай очиқлик ва шаффофлик жонга оро киряпти.

Олий таълимда ҳам яхши гаплар. Тизимда 35 турдаги ҳужжатни инсон омилисиз олиш механизми жорий қилингани соҳадаги мурожаатлар сонининг 2,2 бараварга камайишига сабаб бўлди. Яна бир ўзгариш – буёғига “аввал тест, сўнг танлов” тамойили ишлайди. Бу дегани абитуриент биринчи навбатда тест топширади, сўнг тўпланган баллига қараб ОТМ танлайди. Бу нималар беради: соҳада билими кучлилар сараланади, чиндан ўқиганлар ўқишга киради, яхши кадрлар ишга келади. Яхши кадрларнинг ишга келиши эса хизмат сифатини оширади. Сифатнинг ошиши ишонч ошишига олиб келади. Бу шундай занжир: бири иккинчисига ҳалқаланади.

Қурилишда-чи?

Қурилиш ҳар қандай мамлакат инфратузилмаси ва иқтисодиётининг бош ўзакларидан. У очиқ, шаффоф, коррупциядан холи бўлиши шарт. Соҳада кўплаб янгиликларни кузатяпмиз. Йиғилишда ҳам уларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Масалан, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимга ўтказилгани, “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилгани натижасида жараён халқчиллашди.

Дастур қандай афзалликлар берди:

– тизим орқали фақат энг яхши лойиҳаларни танлаш имкони ошди;

– қурилиш ишлари юқори стандартлар асосида олиб борилиб, яроқсиз ёки хавфли иншоотлар сони камайди;

– харажатларнинг очиқлиги сабабли ортиқча маблағ сарфлашларнинг олди олинмоқда;

– жараёнлар очиқ ва шаффоф бўлгани учун аҳолининг ушбу соҳадаги фаолиятга ишончи юқорилади.

Йўлда-чи, йўлда нима гап?

Йиғилиш давомида, йўл ҳаракати соҳасида жорий этилган бир қатор янгиликлар (авторақамлар аукционда сотилаётгани, қоғоздаги баённома йўқ бўлгани ва ҳ.к.) боис коррупция омиллари кескин камайгани айтиб ўтилди.

Биз эса йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторининг “боди-камера”да хизмат ўтай бошлагани мисолида ўзини ўнглаб олган ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Авваллари йўл ҳаракати патруль хизмати ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги мулоқотда бир қатор муаммолар кузатилган. Масалан, баъзан ЙПХ ходимлари жарима солиш ўрнига ноқонуний йўллар билан муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилган; асоссиз жарималар, ҳайдовчиларга нотўғри айблов қўйиш ҳолатлари ҳам учраган; айрим ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимларига қўпол муносабатда бўлиши ёки қоида бузганини рад этиши кузатилган; ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини аниқлаш қийин бўлган, чунки исботлаш учун етарли далиллар бўлмаган...

Ана энди “боди-камера” билан:

– ЙПХ ходимлари ноқонуний жараёнларга аралашмайди;

– ҳайдовчилар ёлғон маълумот бериш ёки пора таклиф қилишдан қўрқади, йўл қоидаларини бузишдан тийилади;

– видеоёзувлар автоматик равишда сақланиб, сўнгра текширилиши мумкин.

Тизим жамиятда адолат ва шаффофликни ошириб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини мустаҳкамлайди.

“Халқ хизматидаги давлат”: 24/7

Йиғилишда “электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етгани, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошгани” қайд этилди. Бу эндиликда фуқаролар 24/7 режимида 700 дан ортиқ хизматдан онлайн (уйдан чиқмасдан, навбат кутмасдан!) фойдаланиш имкониятига эга дегани.

Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан:

– 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди, эндиликда баъзи хизматлар учун фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар сўралмайди, маълумотлар автоматик равишда базалар орқали текширилади;

– 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар тугатилди, яъни ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида кўплаб рухсатномалар ва лицензиялар электрон шаклга ўтказилди ёки бутунлай бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Ана шунақа!

Қисқаси, очиқлик ва шаффофликда гап кўп. Уларнинг бизга берадиган энг муҳим, қийматли ва қимматли туҳфаси бу ишонч бўлади. Ишонч ишончни туғдиради. Бу шундай занжир: бири иккинчисига ҳалқаланиб кетади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.