Ёш дзюдочилар Бобоновга «чақирув» ташлашди

Ёш дзюдочилар Бобоновга «чақирув» ташлашди

Дзюдо бўйича сўнгги икки “Катта дубулға” турнирларининг якунига кўра ўзбек спорти учун муҳим бир фактга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Тошкент ва Тбилиси шаҳарларида ўтган мусобақаларнинг — 90 кг вазн тоифасида кечган баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар Шаҳзодхўжа Шарипов ва Умар Бозоров олтин медални қўлга киритишди. Бу натижа — 90 кг тоифасида юртимизда янги номлар етишиб чиқаётганини кўрсатмоқда.

Буни тасодиф ёки омадга бурадиганлар улар қуръада босиб ўтган йўлга назар ташлашса, бир қатор кучли номларни учратишлари мумкин. Шарипов мусобақани 2017 йилги жаҳон чемпиони, уч карра карра Олимпиада иштирокчисига қарши бошлаб, ёшлар ўртасидаги икки карра жаҳон чемпиони билан тугатди.

Бозоров эса эркаклар дзюдосида дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири деб эътироф этиладиган, — 90 кг вазнда сўнгги икки Олимпиадада чемпионликни ҳеч кимга бермаган Лаша Бекаурининг юрти – Грузияда курашди. Тўғри, Лаша бу гал курашмади, лекин оғир вазн тоифасида Грузияда доим кучли дзюдочилар етишиб чиққан. Тошкентдаги турнирда қатнаша олмаган Умар Тбилисида ўзига берилган имкониятдан ажойиб фойдаланди ва биринчи рақам бўлишга даъвогарлардан эканини кўрсатди.

7-8 йил аввал терма жамоамиздаги муаммоли вазн бўлиб келган мазкур тоифа бугунги кунда энг рақобатбардош, иқтидорли йигитлар жам бўлган «лига»га айланмоқда. Албатта, бу барчамизни хурсанд қилади. Янги мураббийлар штабининг иши қисқа вақт ичида кўринмоқда.

Бу икки йигит орасига жароҳатидан қутилиб, машғулотларга киришаётган Давлат Бобонов ҳам яқин орада қўшилади. Ана ундан кейин бу вазнда ички рақобат шунчаки «ёнади». Бобонов камида аввалгидек формада қайтмаса, бу рақобатда унга анча қийин бўлиши тайин.

Шубҳасиз, бунда терма жамоадаги бошқа йигитларни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Нима бўлганда ҳам, ички рақобат қанчалик юқори бўлса, халқаро майдонда натижага эришиш эҳтимоли ортади.

Янги Олимпия циклида терма жамоамиздаги ҳар бир вазн тоифасида ички рақобат мана шундай ортиб, мураббийлар штабига яхши маънодаги “бош оғриғи” кўпайишини тилаб қоламиз.

Манба: olympic.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.