Бугун Жаъфаров ва Саидраҳимов проф боксдаги иккинчи жангларини ўтказишади

Бугун Жаъфаров ва Саидраҳимов проф боксдаги иккинчи жангларини ўтказишади

Бугун Россия Федерациясининг Челябинск шаҳрида «IBA.Pro 2» профессионал бокс турнири бўлиб ўтади.

Биз учун аҳамиятлиси, ушбу оқшом доирасида ўзбекистонлик икки боксчи ҳам рингга кўтарилади. «Premier Boxing Academy» жамоаси аъзоси Саиджамшид Жаъфаров 6 раундлик жангда россиялик Сергей Лубковичга қарши рингга чиқади. Бу чарм қўлқоп устамиз учун проф рингдаги иккинчи жанг бўлади. Тажрибали Лубкович эса 18 (12 нокаут) ғалаба ва бир мағлубиятга эга.

Кеча боксчилар тарозидан ўтиш маросимида ҳозир бўлишди. Иккала боксчи ҳам 71 килограммгача вазн тоифасида ташкил этиладиган ушбу жанг учун белгиланган вазн меъёрини бажаришди. Сергей Лубкович — 70,6 кг, Саиджамшид Жаъфаров эса 70,75 кг вазн қайд этди. Саиджамшид тўрт кун аввал Боку шаҳрида якунига етган «Буюк ипак йўли» турнирида Озарбайжон номидан қатнашиб, якунда чемпион бўлган эди.

Бугун турнир кардидан Мадияр Саидраҳимов иштирокидаги жанг ҳам ўрин олган. Боксчимиз 6 раундлик жангда россиялик Андрей Стоцкийга қарши баҳс олиб боради. Ҳамюртимиз тарозида рақибидан бир килограммга яқин оғирроқ тош босди.

IBA PRO тарози натижалари:

— 71 кг, 6 раунд, IBA PRO: Сергей Лубкович (18-0-1, КО 12, 70,6 кг) — Саиджамшид Жаъфаров (1-0, Ўзбекистон, 70,75 кг);

— 90,7 кг, 6 раунд, IBA PRO: Андрей Стоцкий (5-0-1, КО 3, Россия, 90,35 кг) – Мадияр Саидраҳимов (1-0, Ўзбекистон, 91,2 кг);

Бугунги турнирнинг асосий жанги яримоғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Сергей Ковалёв иштирокидаги ўтказилади. Ушбу жангга тайёргарликнинг катта қисмини Ўзбекистонда ўтказган россиялик боксчи германиялик Артур Маннга қарши рингга чиқади. Бу Ковалёв учун профессионал фаолиятидаги сўнгги жанг бўлади.

Манба: Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.