Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов 2025 йил 14 ноябр куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена» мажмуасида ўтадиган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Бу ҳақда спортчи ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Ғиёсовнинг айтишича, жанг режасиз ва кутилмаган ҳолда ташкил этилган. Унга кўра, рақиб номи яқин вақтларда эълон қилинади.
«Жангимиз тўсатдан чиқиб қолди. Худо хоҳласа, 14 ноябрь куни ҳаммани «Ҳумо Арена»да кутамиз. Асосий кардда ўзим бўламан. Рингга энг охирги бўлиб чиқаман. Яъни, асосий жанг менинг иштирокимда бўлиб ўтади. Худо хоҳласа, жуда чиройли жанг бўлиши керак. Яқин орада рақиб ҳам эълон қилинади. Тўсатдан чиқди, ўйланмай рози бўлдим. Акс ҳолда, яна АҚШга учиш керак бўларди», – деди боксчи Instagram саҳифасида.
Таъкидланишича, тадбир Lift Promotions компанияси томонидан уюштирилади. Профессионал бокс оқшомида Шаҳрам Ғиёсовдан ташқари Лазизбек Муллажонов ва Аълохон Абдуллаев ҳам қатнашиши кутилмоқда. Бу боксчилар ҳам ўз дивизионларида юксак натижага эришган спортчилар ҳисобланади.
Ғиёсов сўнгги жангини 2025 йил 13 апрел куни АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида ўтказган эди. У аргентиналик Франко Максимилиано Окампога қарши баҳсда тўртинчи раунддаги таъсирли зарба билан ғалаба қозонган.
Манба: vaqt.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.