МДҲнинг келажаги борми? Мутахассислар фикри

МДҲнинг келажаги борми? Мутахассислар фикри


Азамат Сеитов, Илғор халқаро тадқиқотлар институти эксперти


МДҲ мавжудлигининг маъноси ҳақидаги саволга жавоб берар эканман, эътиборни савол шаклининг ўзи ташкилот олдида турган муаммонинг моҳиятини акс эттиришига қаратмоқчиман.

Ҳеч кимга сир эмаски, МДҲ сўнгги йилларда сезиларли суръатда ўз фаоллигини йўқотмоқда. Натижада кўплаб давлатлар ҳамдўстликдаги иштирокини камайтирмоқда, ҳамкорликнинг айрим жиҳатлари ШҲТ каби бошқа ташкилотлар орқали қайта ташкил этилмоқда.

МДҲ платформаси аллақачон аввалги институционал даражага эга эмас, хусусан, саммит қарорлари тавсиявий характерга эга. Ҳамдўстлик геосиёсий ўзгаришлар ва аъзо давлатлар ўртасидаги низолар таъсирини ҳис этмоқда, бу эса кўп томонлама формат самарадорлигини чекламоқда.

Аммо МДҲ баъзи постсовет давлатлари ўртасида кўп томонлама мулоқотлар учун глобал беқарорлик даврида фойдаланиш мумкин бўлган платформани тақдим этувчи ташкилот бўлиб қолмоқда. Назаримда, МДҲнинг бугунги мақсади аввалги алоқаларни сақлаб қолиш эмас. Маъно мулоқот ва минтақавий ташаббусларни ривожлантиришда ётади. МДҲ минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш, бозорни диверсификация қилиш, маданий алмашинув каби фаол ташқи сиёсий лойиҳаларни амалга ошириш воситасига айланиши мумкин.

Шу билан бирга, менинг фикримча, МДҲга нисбатан мавжуд шубҳани аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларда янги ўрин эгаллаш зарурати ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилиш лозим. Буни синергия салоҳияти мавжуд бўлган аниқ йўналишларга эътиборни қаратган ҳолда амалга ошириш мумкин. Шу сабабли замонавий таҳдидларга қарши кураш усулларини такомиллаштириш ва бу йўналишда мувофиқлаштирилган чоралар қабул қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Ҳозирги халқаро кун тартиби шундайки, МДҲга аъзо барча давлатлар ҳам ташкилот фаолиятининг барча йўналишларида иштирок этишга тайёр эмас. Демак, келгусида маълум бир давлат ўз миллий манфаатларига мос бўлган лойиҳаларда иштирок этиш имконини берувчи «модулли дастурлар» тизимини шакллантириш эҳтимоли катта. Бу ёндашув тузилманинг мослашувчанлигини сақлаб қолишга имкон беради.

Агар Ўзбекистон манфаатларига тўхталадиган бўлсак, улар, биринчи навбатда, иқтисодий соҳага қаратилганини таъкидлаш лозим. МДҲ доирасида минтақавий иқтисодий ташаббусларни муҳокама қилиш ва илгари суриш мумкин — масалан, рақамли ҳамкорлик, стандартлаштириш, қўшма лойиҳалар ва бошқалар. Шундай экан, агар МДҲ ўзини қайта форматлай олса, ўрта муддатли истиқболда ҳамдўстлик самарадорликка йўналтирилган, аниқ мақсадли ҳамкорлик майдонига айланиши мумкин.

Нурбек Бекмурзаев (Қирғизистон), Global Voices нашрининг Марказий Осиё йўналиши муҳаррири


Менимча, МДҲнинг ҳали ҳам мавжуд бўлишида маъно бор. У умумий ўтмишга эга қўшни давлатларни бирлаштирувчи, тайёр мулоқот майдони эканини унутмаслик керак. У давлатларга учрашиш, умумий муаммоларни муҳокама қилиш, алоқани сақлаб туриш ва айрим масалалар бўйича ўз позициясини билдириш имконини беради.

Албатта, МДҲ аъзолар-мамлакатлар ўртасида сиёсий интеграцияни таъминлайдиган тузилмага айлана олмади. Бироқ ҳеч қайси давлатда бундай кун тартиби бўлмаганини ҳам тан олиш керак. Бундан ташқари, МДҲ постсовет мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ҳолатини, уларнинг қай даражада тарқоқ эканини ва бу платформада сиёсий интеграция жараёнларини бошлаш истаги йўқлигини жуда аниқ акс эттиради.

Менинг фикримча, ҳозирги кунда МДҲнинг барча аъзолари мавжуд статус-кводан мамнун. Ҳеч бир давлат ўз мақсад ва қарашларини илгари суриш учун жиддий режалар тузмаяпти. Бунинг учун иштирокчи мамлакатлар бошқа минтақавий ёки минтақалараро ҳамкорлик институтларидан фойдаланмоқда.

Агар МДҲнинг ўрта муддатли истиқболларини таҳлил қилсак, бари сўнгги 30 йилдаги сценарий бўйича давом этишини айтиш мумкин — яъни чекланган даражадаги ҳамкорлик. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга қараб, айримлар бу тузилмадаги фаоллигини пасайтириши мумкин, аммо яқин келажакда ҳеч ким уни тарк этмайди, деб ўйлайман.

МДҲда жиддий ўзгариш қачонки бир ёки бир нечта давлат бу тузилмани ривожлантиришга жиддий киришса юз бериши мумкин. Аммо ҳозирча ҳеч қайси иштирокчида бундай амбициялар кўринмаяпти. Ҳатто Россия ҳам ўз манфаатларини бошқа структуралар орқали амалга оширмоқда. Шу сабабли, менимча, МДҲ ҳозирги йўналишда фаолиятини давом эттиради — яъни фикр алмашиш учун мулоқот майдони сифатида қолади.

Темур Умаров, Берлин Карнеги маркази эксперти


МДҲнинг мавжуд бўлишида маъно борми, деган саволга жавоб беришда менинг халқаро ташкилотларни таҳлил қилишдаги ёндашувим оддий формулага асосланишини таъкидламоқчиман. Агар унга аъзо мамлакатлар ҳанузгача унинг тадбирларида иштирок этаётган бўлса, агар улар бу ташкилотдан чиқиш ёки уни ёпиш ўзларига фойдали бўлади, деб ҳисобламаса, демак, унинг мавжудлигида ҳали маъно бор.

Ташқи кузатувчилар, яъни бундай тадбирларда қатнашмайдиганлар учун МДҲда ҳеч нарса ҳал этилмаётгандек, унинг ҳеч қандай маъноси йўқдек туюлиши мумкин. Чунки у ерда мажбурий қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган миллий даражадан юқори институтлар мавжуд эмас. Аммо ташкилот ичидаги жараёнларда иштирок этаётганлар учун бу ҳамкорлик ва мулоқотнинг аҳамияти ташқаридаги кузатувчиларга қараганда анча катта бўлиши мумкин.

МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари нуқтаи назаридан бундай форматлар муҳим аҳамиятга эга, чунки улар орқали бир-бири билан учрашиш ва вазиятни назоратда ушлаб туриш имконияти яратилади. Шунингдек, бу Россия билан барқарор ва прогноз қилинадиган муносабатларни сақлаш усули ҳам ҳисобланади, бу эса таранглик хавфини камайтиради.

Ўрта муддатли истиқболлар ҳақида гап кетганда, улар МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар қандай бўлишига боғлиқ эканини айтган бўлардим. Агар ҳозирги ҳолат сақланиб қолса, МДҲ постсовет давлатлар раҳбарларининг Россия раҳбарияти билан учрашув майдони сифатидаги ролини давом эттиради. Чунки МДҲ аъзолари бир-бири билан Россия иштирокини талаб қилмайдиган бошқа форматларда ҳам муваффақиятли учрашиб келмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.