Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Рустам Аҳмедов билан видолашув 13 октябрь куни соат 11:30 да Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Орол кўчаси 3-тор кўча 13-уйда бўлиб ўтади.
Рустам Аҳмедов мамлакат тарихига Мудофаа вазирлигининг биринчи раҳбари сифатида кирди. Унинг тайинлови ҳақидаги фармонни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1991 йил 10 сентябрда имзолаганди. Унинг тайинланиши 1992 йил 3 июлда, вазирлик ташкил этилгандан сўнг кучга кирган.
У 1997 йил сентябригача вазирликни бошқарган, унгача — 1991 йилдан — бир вақтнинг ўзида мудофаа ишлари вазири — Миллий гвардия қўмондони лавозимларида ишлаган. 1997 йил сентябрдан 1998 йил сентябргача фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам фаолият юритган.
Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилояти Бағдод туманида туғилган. Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини (1965), Зирлҳи танк қўшинлари ҳарбий академиясини (1985) тамомлаган. Болтиқбўйи ҳарбий округида, сўнгра Тошкент ва Самарқанд олий ҳарбий билим юртларида хизмат қилган.
1986 йилдан 1991 йилгача Аҳмедов Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командири ўринбосари — штаб бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг у миллий армияни шакллантиришнинг бошида туриб, ҳарбий техникани сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва ҳарбий хизмат нуфузини оширишда муҳим роль ўйнаган, дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.
1998 йилда Аҳмедов истеъфога чиққан, аммо ҳарбий ислоҳотларда иштирок этишда давом этган. 2018−2020 йилларда мудофаа вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
«Генерал-полковник Аҳмедовнинг шонли ҳаёт йўли — хизмат, садоқат ва юксак масъулият намунасидир. Унинг меҳнатлари, ватанимиз олдидаги хизмати, садоқати ва шахсий фазилатлари бизнинг хотирамизда абадий сақланади», — дейилади хабарда.
Мамлакат олдидаги хизматлари учун Аҳмедов бир қатор орден ва медаллар, жумладан, Ўзбекистон Фахрий ёрлиғи (1993), II даражали «Шон-шараф» ордени (1995) ва миллий армияни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Дўстлик» ордени (2018) билан тақдирланган.
Унинг оммага эълон қилинган сўнгги интервьюси шу йилнинг июнь ойида Alter Ego лойиҳаси билан бўлганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.