

Ерости қаватида болалар учун махсус платформа, реставрация ва рақамли нусха кўчириш лабораторияси, музей экспонатлари ва ноёб қўлёзмалар фонди, замонавий кафетерий ҳамда музей вестибюллари жойлашган.


Марказ фондидаги қадимий манбалар сони 2000 тадан ортиқни, ноёб Қуръон қўлёзмалари эса 60 тадан зиёдни ташкил этади. Уларнинг барчаси ватандошларимиз томонидан сақлаб келинган ва тақдим этилган, шунингдек, халқаро аукционлар орқали сотиб олинган.

Марказ қисқа муддат ичида халқаро нуфузли ташкилотлар ва нашрлар томонидан эътироф этилаётгани таъкидланди. Хусусан, марказ Франциянинг Авиценна мукофотига сазовор бўлган, АҚШдаги Смитсон институтининг Smithsonian Magazine нашри талқинига кўра, 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилган. Шунингдек, Condé Nast Traveler нашри уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар рўйхатига киритган, BBC Travel эса дунёдаги энг кўп кутилган музейлар қаторига қўшган.
Хабар қилинишича, Ўзбекистон музейшунослик амалиётида илк бор халқаро экспертлар иштирокида барча музей экспонатларининг кимёвий таркиби ва яратилган вақти аниқланди ҳамда уларнинг технологик паспортлари тайёрланди.

Келажакда Британия музейи, Лувр ва Метрополитан музейларида бўлгани каби, робот-гидлар, видео ва аудио танишув учун планшетлар, шунингдек, аудиогидлар, радиогидлар ҳамда йўналиш кўрсатувчи қулоқчинлардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, марказга кунига ўртача 5000 нафар ташриф буюрувчи келиши кутилмоқда. Марказ ва музейнинг тўлақонли фаолият юритиши учун 400 дан ортиқ ходимни жалб этиш режалаштирилган. Ҳозирда 100 дан ортиқ махсус тайёргарликдан ўтган назоратчи ва 30 дан зиёд экскурсовод ишламоқда. 10 та давлатдан келадиган сайёҳлар учун алоҳида гид матнлари ишлаб чиқилган.
Марказ кутубхонаси 3105 кв. м майдонни эгаллайди. Унинг фондида аллақачон 45,1 мингдан ортиқ нашр мавжуд бўлиб, улардан 2609 таси ноёб нусхалардир. Шунингдек, 350 мингта электрон нашрлар базаси шакллантирилган. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 310 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиши мумкин. Олимлар ва профессорлар учун илмий фаолият юритишга зарур бўлган замонавий техника ва қулайликлар билан жиҳозланган 4 та алоҳида кабинет ташкил этилган.

Кутубхонада, шунингдек, ноёб Европа нашрлари, жумладан, мусулмон сулолалари, туркий халқлар тарихи ҳақидаги лотин тилидаги асарлар, Шарқ халқлари энциклопедиялари, шунингдек, Хуросон ва Мовароуннаҳрга бағишланган, XX асргача нашр этилган саёҳатномалар ҳам ўрин олган. Фонд шахсий коллекциялардан сотиб олинган нодир манбалар, хусусан, Носируддин Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё» асари, XIX аср бошларида Тошкентда кўчирилган Алишер Навоий девонлари, шунингдек, Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг туркий таржималари билан бойитилган.
Кўзи ожиз ва кўришида нуқсони бўлган шахслар учун махсус заллар ташкил этилиб, ихтисослаштирилган дастурлар, принтер ва қурилмалар ўрнатилди, шунингдек, Брайль алифбосидаги 1000 дан ортиқ нашрлар келтирилди.
Ўзбекистонда илк бор овоздан холи кабиналар ташкил этилди. Улар фойдаланувчиларга атрофдагиларга халақит бермаган ҳолда онлайн мулоқот қилиш имконини беради ва, шу билан бирга, суҳбатлар ҳамда шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди. Аудиоресурслар билан ишлаш учун мўлжалланган Sonic chair қурилмаси эса бутун Марказий Осиёда биринчи марта айнан шу ерда жорий этилди.
Кутубхона ҳудудида китобхонлар учун «яшил ҳудуд», нусха кўчириш хизмати, индивидуал машғулотлар учун махсус хоналар ва болалар учун алоҳида майдонча ташкил этилган.

Ўтган йили Буюк Британиядаги Sotheby’s ва Christie’s аукционларида арт-дилерлар ҳамда шахсий коллекциялардан 700 дан ортиқ артефакт сотиб олинган. 1000 дан ортиқ ашё эса турли муассасалар, ташкилотлар ва меценатлар томонидан ҳадя қилинган. Ушбу экспонатларнинг асосий қисми биринчи қаватдаги музейга жойлаштирилган.
Экпозицияда Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва бошқа даврларга оид ноёб артефактлар тақдим этилган. Улар орасида X аср охирига мансуб, сомонийлар саркардаси Абу Мансур Сабуктекиннинг исми ёзилган, олтин суви юритилган кумуш баркаш, Сомонийлар даврига оид кумуш коса ва мис сиёҳдон алоҳида эътиборни тортади. Шунингдек, Олтин Ўрдада Ўзбекхон ҳукмронлиги даврига оид фируза билан безатилган аёллар камари ҳамда Усмонлилар империясининг XIX асрига мансуб, устига «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» сўзлари битилган зардўзи кашталар намойиш этилган.
Темурийлар даври кулолчилик санъати намуналари, XIX асрда Мадинадаги Муҳаммад пайғамбар қабри устига ёпилган ипак ёпинчиқ, Каъба эшиги тепасига осилган хизоманинг (кисванинг юқори қисмидаги камар) тарихий нусхаси, шунингдек, улкан ўлчамдаги «она-сўзана» ҳам кўрсатилган. Амир Темур даврида Умар Ақтоъ томонидан кўчирилган Қуръон парчалари, Темурийлар даври меъморий обидаларининг сопол плиткалари элементлари ҳамда Бобурийлар даври қурол-аслаҳа ва совутлари ҳам тақдим этилган.
Бу ерда Амударё хазинаси билан боғлиқ топилмалар ҳам мавжуд. 1877 йилда Бухоро амирлиги ҳудудидан топилган ва ҳозирда Британия музейида сақланаётган хазинанинг айрим буюмларини Лондон савдо уйлари орқали Ўзбекистонга қайтаришга муваффақ бўлинди. Улар орасида VIII-IX асрларга оид, сўғд отлиғи тасвирланган олтин пекторал ва Бақтрия даврига мансуб, оғирлиги 666 грамм бўлган илон шаклидаги ноёб билазуклар бор.
Марказга ҳадя этилган артефактлар орасида АҚШда яшовчи шарқшунос олим Александр Наймарк томонидан тақдим этилган Паҳлавон Маҳмуд қўлёзмасини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу қўлёзма Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг шахсий имзосидан кўчирилган бўлиб, уни ўрганиш жараёнида 70 дан ортиқ янги рубоийлар аниқланди. Шунингдек, турли даврларга оид тангалар, тақинчоқлар, медальонлар ва бошқа тарихий ашёлар, жумладан, Майский қўрғонидан топилган хазина намуналари ҳам тақдим этилган.
«Бугун ўзлигимизни англаш йўлида катта тантана бўлди. Минг шукурки, тўққиз йил давомида ният қилиб, изланиб, ҳаракат қилиб, халқимизнинг кимлигини, тарихимизни ҳаққоний акс эттирадиган мажмуани барпо этдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз, қандай аждодлар авлоди эканимизни билиши, англаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган. Қуръони карим сақланадиган муқаддас зал ҳам шунчаки яратилган эмас. У юракдан туғилган, халқимизнинг орзу-интилишлари ва буюклигини намоён этиш истагидан пайдо бўлган маскандир. Бу лойиҳа буюк халқимизнинг асл қиёфасини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ниятлар маҳсулидир», — дея таъкидлади президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.