Унга кўра, ҳиндистонлик гроссмейстер Гукеш Домараджу тўлиқ турнир дастуридан чиқишга қарор қилди. У фақат Варшава ва Загребда ўтадиган Rapid & Blitz турнирларида вайлд-кард сифатида иштирок этади.
Гукеш ўз баёнотида сўнгги мусобақалардаги натижалари унга ҳам, мухлисларига ҳам қониқарли бўлмаганини таъкидлаб, формага қайтиш учун юкламани камайтиришга қарор қилинганини билдирди. Шу сабабли у узоқ давом этувчи турнирларда иштирок этмасдан, машғулотларга кўпроқ эътибор қаратишни режалаштирган.
Жавоҳир Синдоров — тўлиқ тур иштирокчиси
Гукеш ўрнини Ўзбекистон вакили Жавоҳир Синдоров эгаллайди. У 2026 йилги Grand Chess Tour мусобақаларида тўлиқ иштирокчи сифатида қатнашади.
Амалдаги FIDE World Cup чемпиони бўлган Синдоров сўнгги мусобақалардаги юқори натижалари орқали ушбу имкониятни қўлга киритди. У тўлиқ иштирокчи сифатида Варшава, Бухарест ва Сент-Луисдаги барча босқичларда қатнашади.
GCT раҳбарияти вакилларидан бири Алекс Онишчук Синдоровнинг қўшилишини юқори баҳолаб, унинг юқори даражадаги ўйинидан катта умидлар кутилаётганини билдирди.
2026 йилги Grand Chess Tour тақвими
2026 йилги серия дунёнинг энг кучли шахматчиларини бирлаштирадиган нуфузли мусобақаларни ўз ичига олади:
- Super Rapid & Blitz Poland — 3–10 май (Варшава)
- Super Chess Classic Romania — 12–24 май (Бухарест)
- Super Rapid & Blitz Croatia — 29 июнь – 6 июль (Загреб)
- Saint Louis Rapid & Blitz — 31 июль – 7 август (Сент-Луис)
- Sinquefield Cup — 8–21 август (Сент-Луис)
- GCT Finals — 21–28 август (Сент-Луис)
Шу тариқа, 2026 йилги Grand Chess Tour Ўзбекистон шахмат мухлислари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади — чунки Жавоҳир Синдоров тўлиқ тур иштирокчиси сифатида барча босқичларда қатнашади.
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.