Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Тошкент вилояти пойтахтга яқин жойлашгани учун бу ерда яшовчи аҳоли иш ўринлари, даромад ва турмуш шароити ҳам Тошкент шаҳри даражасига муносиб бўлишини кутади.
«Вилоят тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда намуна бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
2026 йилда вилоят иқтисодиёти ўтган йилга нисбатан 9,1 фоизга, саноат 8,8 фоизга, хизматлар соҳаси 17,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 15 фоизга, қишлоқ хўжалиги 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бунинг учун 6,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, 2,8 миллиард доллар экспортга эришиш режалаштирилган.
2024 йилдан буён вилоятда 14 та янги саноат зонаси ташкил этилиб, 115 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ва 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ўтган йили Паркент, Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарларида электротехника, металлургия, фармацевтика, тўқимачилик, машинасозлик ва тоғ-кон саноатида йирик лойиҳалар ишга туширилди. Пойтахт экологиясига салбий таъсир кўрсатаётган 87 та корхонани вилоятга кўчириш бошланди. Бугунги кунга қадар 15 дан ортиқ тўқимачилик корхонаси кўчиб ўтди, 4700 нафар аҳоли янги жойларда иш билан таъминланди.
883 та маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, 84,7 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш, 37 мингта норасмий иш ўринларини легаллаштириш, 13,3 минг нафар ишсизни ўқитиш вазифаси қўйилди.
Вилоятнинг «оғир» ҳудудларида, шунингдек, «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» туман, шаҳар ва маҳаллаларда 231 та лойиҳани амалга ошириш учун 956 миллиард сўм ажратилди. Президент маҳаллаларда уй-жой шароитлари, электр, сув, канализация ва йўлларни яхшилашни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Юқори Чирчиқ туманидаги 400 гектар майдонда қиймати 5 миллиард доллар бўлган «Tashkent Medical Smart City» халқаро инновацион тиббиёт шаҳарчасини қуриш режалаштирилган. Нурафшонда 100 дан ортиқ хорижий IT компанияларни жалб қилган ҳолда 35,4 миллион долларлик Келажак технологиялари маркази қурилади ва хизматлар экспорти йилига 20 миллион долларга етказилади, шунингдек, 670 ўринли кўп тармоқли тиббиёт кластери, ижтимоий муассасалар маркази ва вилоят давлат архиви биноси қурилади.
Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш маркази очилиши ҳамда саноатни бошқаришнинг янги тизими жорий этилиши кутилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш режалари муҳокама қилинди.
Туризм хизматлари экспортини 600 миллион долларга, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини 16,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.
«Амирсой» курорт мажмуаси ва «Билдирсой резорт» дам олиш маскани мисолида Паркент, Ғазалкент, Оҳангарон ва Ангреннинг тоғли ҳудудларида лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, Ангрен шаҳрининг Лашкарак ва Янгиобод аҳоли пунктларида туризм қишлоқлари, Бекобод туманида экологик ва ов туризми объектлари, Паркент туманида «Кумушкон» туризм мажмуаси, Паркентсойда оилавий дам олиш масканлари ва меҳмон уйларини ташкил этиш режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.