Ушбу хабарларга Жавоҳир Синдаровнинг бобоси Комилжон Синдаров ҳам ўз муносабатини билдирди. У невараси ва қозоғистонлик шахматчи ўртасидаги муносабатлар ҳақида фикр билдирди.
“Бибисора — жуда ақлли қиз. Мен у билан шахсан гаплашганман, улар ёшлигидан кўз олдимизда бирга ўсиб улғайишди. Жавоҳир ҳам мулоҳазали инсон, у ўзига муносиб ёр танлаётганда, албатта, кўп нарсаларга эътибор беради. Ҳозирча буни ўсиб бораётган, балки вақти келиб севгига айланадиган дўстлик дейиш мумкин. Улар айнан севиш ва севилиш ёшида. Биз уларни фақат қўллаб-қувватлаймиз, холос. Булар бугун ўз заковати билан дунёни лол қилаётган шахматчилар. Шунинг учун уларга фақат оқ йўл тилаймиз. Агар улар бир қарорга келишса, биз оқ фотиҳа беришга тайёрмиз”, дейди Комилжон Синдаров.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдаров Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирида 10 очко билан ғолибликни қўлга киритди. Бибисора Асаубаева эса аёллар турнирида 8 очко билан иккинчи ўринни қўлга киритди. Синдаров 17 апрель, жума куни Тошкентга қайтиб келди. У Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.