“Менимча, 2021-йилдан, балки ҳатто 2020-йилдан бошлаб Рустам Қосимжонов айрим иқтидорли йигитлар ҳақида гапира бошлаганди. Ўша пайтда улар жуда ёш эди. У ҳатто Нодирбек Ёқуббоевни иқтидорлилар орасида энг истиқболлиси сифатида тилга олган — бу эса бундай ёш ва кучли ўйинчилар ҳақида гап кетганда жуда қийин баҳо”, дейди Каруана.
У, шунингдек, Нодирбек Абдусатторов билан 2021-йил охирида ўтказилган рапид бўйича Жаҳон чемпионатида тўқнаш келганини эслаб ўтди. Мазкур турнирда ўзбекистонлик шахматчи 17 ёшда бўлган ва чемпионликни қўлга киритиб, халқаро майдонда ўзини намоён қилган эди.
“Мен Нодирбекка қарши 2021-йил охирида ўтказилган Жаҳон чемпионатида ўйнаганман ва у ўшанда турнир ғолибига айланган эди. Синдоров номини ҳам илк бор 2021-йилда эшитганман, баъзи ўйинларини кўргандим, лекин у билан амалий тажрибам кўп эмас эди. Жавоҳир билан илк бор 2023-йилда Grand Swiss турнирида ўйнадим. Ўша пайтда у ҳозиргидек мукаммал эмас эди, лекин мен унинг жуда кучли эканини ҳис қилганман. У дебютда аниқ тизимга эга эмасди, ҳатто бироз шубҳали вариантларни ўйнарди, лекин барибир жуда кучли эди. Ўша ўйиндан кейин мен Синдоров жуда тез орада хавфли ўйинчига айланиши мумкин, деб ўйлагандим”, деди америкалик шахматчи.
Каруана Абдусатторов ҳақида у аллақачон ўзини исботлаган шахматчи эканини ва Ўзбекистон терма жамоасининг Олимпиададаги муваффақиятини табиий натижа сифатида баҳолади:
“Нодирбек, албатта, аллақачон ўз даражасини исботлаган. Ўзбекистоннинг Олимпиадада ғалаба қозониши ажабланарли эмас. Бу воқеа анча олдин бўлган. Ҳозир янги кашфиётлар кўп эмас, лекин Синдоровнинг Номзодлар турнирида 6 та ғалаба қайд этгани — бу ҳақиқий янгилик”.
Маълумот учун, ўзбекистонлик шахматчилар орасида илк бор Номзодлар турнирида қатнашган Жавоҳир Синдоров 10 очко билан ғолибликни қўлга киритди ва мусобақани мағлубиятсиз якунлади. У турнир давомида иккита рекордни янгилади: энг кўп жамғарилган очко ва энг кўп ғалаба. Синдоров даъвогарлар мусобақасида Андрей Есипенко, Рамешбабу Прагнанандха (икки марта), Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура ва Вей И каби кучли гроссмейстерлар устидан ғалаба қозонди.
Жавоҳир Синдоров мазкур турнир ғолиби сифатида амалдаги Жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Турнир санаси ва манзили FIDE томонидан эълон қилинади.
Шунингдек, Синдоров 2025-йилги Жаҳон Кубогида барча рақибларини мағлуб этиб, чемпион бўлган эди. Нодирбек Абдусатторов эса 2025-йилда London Chess Classis, 2026-йилда эса Tata Steel Chess мусобақаларида зафар қучди. Нодирбек Ёқуббоев 2023-йилда Qatar Masters турнири ғолиби бўлган.
Айни вақтда FIDEнинг лайв рейтингида ҳолат қуйидагича:
Нодирбек Абдусатторов: 2780 очко (4-ўрин)
Жавоҳир Синдоров: 2776 очко (5-ўрин)
Нодирбек Ёқуббоев: 2689 очко (38-ўрин).
Манба: www.daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.