ЕИ «яқин келажакда» Марказий Осиё бўйича стратегиясини янгилаши мумкин — махсус вакил

ЕИ «яқин келажакда» Марказий Осиё бўйича стратегиясини янгилаши мумкин — махсус вакил


— Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси охирги марта 2019 йилда — пандемия, ҳозирги урушлар ва жаҳон савдосидаги ўзгаришлардан аввал янгиланган эди. Сизнингча, бу стратегия бугунги кунда минтақадаги воқеликларга қай даражада мос келади?


— Стратегиянинг сўнгги таҳрири 2019 йилда қабул қилинганига қарамай, бизда яна бир тўлдирувчи восита — Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг қўшма йўл харитаси мавжуд. Моҳиятан, у стратегияни амалга ошириш учун янада оператив ёндашувни таъминлайди.

Ушбу йўл харитаси 2023 йилда қабул қилинган, шу боис у ҳозир ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш, янги устуворликларни қўшиш ва урғуларни тўғри белгилаш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, назаримда, яқин келажакда Марказий Осиё бўйича стратегиянинг ўзини янгилаш жараёни бошланиши мумкин, зеро унинг қабул қилинганига қарийб етти йил бўлди. Бундай дастурий ҳужжатлар учун бу, айтиш мумкинки, янгилаш кун тартибига кўтариладиган даврнинг қуйи чегарасидир.

Ўйлайманки, бу жараён бошланади. Лекин жуда тез кечиши даргумон. Бу Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа институтлари ўртасида яқин маслаҳатлашувларни талаб этади. Бу кўп жиҳатдан навбатдаги «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитига тайёргарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эҳтимол, Самарқанддаги саммитдан кейинги икки йил якунлари бўйича эълон қилинган стратегик шерикликнинг қайси жиҳатлари яхши ишлаётгани, қайсиниси етарлича самарали эмаслиги ва қаерда қўшимча саъй-ҳаракатлар зарурлигини баҳолашимиз мумкин бўлади.

Шу боис стратегияни янгилаш зарур. Ҳозирча аниқ муддатларни айта олмайман. Лекин стратегияни янгилаш тўғрисида сиёсий қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб, бунга тахминан бир-бир ярим йил вақт кетиши мумкин.

— Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан ёндашувлари 2019 йилгига қараганда ўзгардими?


— Марказий Осиёнинг ўзи ўзгарди.

Ҳали ҳам эсимда, бир қатор сабабларга кўра минтақадаги қўшни мамлакатлар бир-бири билан деярли мулоқот қилмайдиган пайтлар бўлган.

Ҳақиқий бурилиш Марказий Осиё шунчаки географик ном эмас, балки тўлақонли геосиёсий ўйинчига, катта сиёсатнинг объекти эмас, балки субъектига айланиши мумкин бўлган минтақа экани англаб етилганида юз берди. Бундай тушунча аслида олти-етти йил аввал шаклланди.

Шу сабабли Европа Иттифоқининг ёндашуви ҳам ўзгарди. Тармоқ масалалари бўйича юқори сиёсий даражада ҳам, техник даражада ҳам тизимли мулоқот пайдо бўлди. Биз ҳар бир мамлакат билан алоҳида, фақат икки томонлама асосда ишлашдан аста-секин масалаларни минтақавий миқёсда кўриб чиқишга ўтяпмиз.

Бу эса кўп жиҳатдан бизнинг ташаббусимиздан кўра, минтақанинг ўзида юз бераётган жараёнларга мантиқий жавобдир.

— Марказий Осиёнинг субъектга айлангани ҳақида гапириб ўтдингиз. Лекин биламизки, минтақа давлатлари сиёсий масалаларга қараганда иқтисодий масалаларда кўпроқ ягона жабҳа бўлиб ҳаракат қилади. Бу ҳолат минтақани халқаро сиёсатнинг ягона субъекти сифатида қабул қилишга тўсқинлик қилмайдими?


— Фикримча, кичик қадамлардан бошлаш керак. Айтишади-ку, узоқ йўл ҳам илк қадамдан бошланади.

Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига сайлов кампанияси пайтида қўшниларининг умумий қўллаб-қувватлашини ҳис қилгани бунга жуда яхши мисол ва ҳақиқатда ажойиб бошланиш деб айтиш мумкин. Аслида, бу лоббичилик биргаликда олиб борилди. Бу жараёнга Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари жалб этилганди.

Қирғизистон Филиппин билан рақобатлашди. Сайловлардан сўнг Қирғизистон ишончли ғалаба қозонгач, минтақавий ҳамкорлик формати ярим асрдан буён мавжуд бўлган АСЕАН мамлакатлари вакиллари ўзларига савол беришди: нега биз ўзимиз шундай қилмадик? Нега Филиппинни биргаликда қўллаб-қувватламадик? Нега қўллаб-қувватлашига эришиш учун Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари делегациялари билан ҳамкорликда ишламадик?

Марказий Осиё эса буни уддалади. Назаримда, бу глобал миқёсда рамзий маънода жуда кучли сигнал бўлди.

— Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тўсқинлик қилаётган қандайдир ҳал этилмаган масалалар борми?


— Назаримда, бизда принципиал келишмовчиликлар йўқ ва бу ўта муҳим.

Агар минтақалараро ҳамкорлик ривожини баъзан нимадир секинлаштираётган бўлса, бу, эҳтимол, Марказий Осиёнинг ўзида ўзаро ҳамкорлик институционал даражада етарлича шаклланмаганидир. Шу сабабли жараён ҳақиқатда баъзан бироз секинлашади. Биз ўз томонимиздан жараённинг барча олти иштирокчисига бирдек дахлдор масалаларни ҳар бир мамлакат билан икки томонлама тартибда келишиб олишимизга тўғри келади.

Бизда, Европа Иттифоқида, ички мувофиқлаштириш ва қарорлар тайёрлашнинг пухта механизми мавжуд. Бу ерда эса, назаримда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми жуда яхши ишлаяпти.

Лекин ташқи кузатувчи сифатида мен техник даражада ҳам мувофиқлаштириш кўпроқ бўлишини истардим. Шунда, эҳтимол, қўшма қарорларни бироз тезроқ қабул қилишга муваффақ бўлиш мумкин.

— Демак, жараёнлар баъзан айнан ҳар бир ҳукумат билан масалаларни алоҳида муҳокама қилишга тўғри келгани учун тўхтаб қоладими?


— Ҳа. Эҳтимол, у ёки бу масала бўйича ҳозирча ҳар доим ҳам ягона, умумий позиция мавжуд эмасдир. Лекин шундай позиция пайдо бўлса, ишлаш, албатта, анча осонлашади.

Баъзи ташқи кучлар учун бундай вазият манфаатли бўлиши мумкин деб ўйлайман. Лекин биз бошқача тамойиллар асосида ишлашга одатланганмиз. Ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, биз минтақа учун яқинроқ ҳамкорликнинг — ҳам ички ривожланиш, ҳам ташқи дунё билан алоқаларни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан — улкан фойда келтиришини кўряпмиз.

Масалан, Global Gateway ташаббуси ҳақида гапирганда, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг минтақадаги турли мамлакатларда бир-бирини тўлдиришидан манфаатдормиз. Агар гап, айтайлик, транспорт йўлагини ривожлантириш ҳақида кетаётган бўлса, чегарага бориб боши берк кўчага айланадиган йўл ёки темирйўлнинг бир қисмига катта маблағ сарфлашдан ҳеч қандай маъно йўқ.

Воқеликнинг ўзи ҳамкорлик заруратини тақозо этмоқда. Ўйлайманки, ҳаётнинг ўзи Марказий Осиё мамлакатларини биргаликда кўпроқ ишлашга ундайди.

Ажойиб лойиҳа — Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС. Биз унинг амалга ошишига катта умид билан қараймиз. Бу жаҳон миқёсидаги ноёб лойиҳа бўлиб, унда Сирдарёнинг юқори оқимидаги бир мамлакат ва қуйи оқимидаги икки мамлакат лойиҳани биргаликда ривожлантиришга — нафақат биргаликда молиялаштириб, қуришга, балки қурилиш якунлангач, уни биргаликда бошқаришга ҳам тайёр.

Лойиҳа ниҳоясига етгач, бу бошқа кўплаб минтақаларга кўрсатиш мумкин бўлган ажойиб намуна бўлади: аслини олганда, бунинг имкони бор.

Биз жуда жиддий шуғулланаётган яна бир лойиҳа — сунъий йўлдош алоқаси орқали интернетни ривожлантириш. Илон Маскнинг Starlinkʼидан фарқли ўлароқ, бу лойиҳага унда иштирок этаётган Марказий Осиё мамлакатларининг ўзлари эгалик қилади. Улар тизим устидан техник назоратни қўлга олади ва шу интернет орқали хавфсиз алоқа билан таъминланади.

Бу нафақат Тошкент, Душанбе ёки Бишкекда, балки Марказий Осиё мамлакатларининг олис ҳудудларида ҳам интернет пайдо бўлишига қўшимча туртки бериши лозим. Мазкур лойиҳа Қозоғистонда анча яхши ривожланмоқда: адашмасам, у ерда қишлоқ мактаблари, ўзини ўзи бошқариш идоралари ва кутубхоналарни ўзаро боғлайдиган ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган 295 та ерусти станцияси ўрнатилган.

Иқтисодиётни рақамлаштириш ҳақида гап кетса, биз бу жараённи фақат йирик шаҳарларда амалга ошириш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Акс ҳолда, кимдир цивилизация неъматларидан баҳраманд бўладиган, бошқалар эса бу жараёндан четда қоладиган тизимни яратган бўламиз. Шу боис лойиҳа минтақа мамлакатлари учун катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга.

— Европа Иттифоқи учун ҳам, Марказий Осиё учун ҳам ҳамкорликнинг ҳали янгилик бўлиб турган соҳалари қолдими?


— Ўйлайманки, иқтисодиёт соҳасида, жумладан, рақамли трансформация ва иқтисодиётни «яшил» иқтисодиётга ўтказиш билан боғлиқ масалаларда жуда яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Назаримда, бу ҳамкорлик анча муваффақиятли ривожланяпти.

Тўғри, айрим инновацияларни жорий этиш тезлиги борасида Хитойдан бироз ортда қолаётгандирмиз. Лекин иқтисодиётни рақамли трансформация қилиш ҳақида гап кетганда, биз технологиялар жамиятнинг ҳар бир аъзоси хавфсизлиги, эркинлиги, ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш имкониятларимиздан илгарилаб кетишига йўл қўймаслик учун бу масалага жуда масъулият билан ёндашишга ҳаракат қиламиз. Шу боис, айнан мана шу йўналишларда ҳамкорлигимиз катта аҳамият касб этади.

Албатта, ўзаро ҳамкорлик анча чекланган соҳалар ҳам бор. Масалан — турли сабабларга кўра — мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик. Ким билади дейсиз, балки келажакда бу йўналишда ҳам ўзгаришлар бўлар, лекин ҳозирча воқеалардан илгарилаб кетмайлик.

— Марказий Осиёни яхши биладиган Европа Иттифоқи вакили сифатида айтинг-чи, бугунги кунда минтақа иқтисодиётининг қайси тармоқлари европалик сармоядорлар учун энг жозибадор кўринмоқда?


— Фикримча, ҳозир бир қатор сабабларга кўра, рақамли ва яшил иқтисодиётга ўтиш учун зарур бўлган ўта муҳим хомашё ресурслари билан боғлиқ тоғ-кон саноатини ривожлантириш мутлақ устувор вазифа ҳисобланади.

Бундан ташқари, саноатнинг турли тармоқлари, айниқса, қайта ишлаш саноати, жумладан, меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқариш соҳалари ҳам шулар қаторига киради. Марказий Осиё ҳамон ижобий демографик тенденцияга эга минтақа бўлиб қолмоқда. Аҳолининг аксарият қисми айни меҳнатга лаёқатли ёшда, айни пайтда нисбатан яхши таълим даражасига эга.

— Асосий ўрта маълумотни назарда тутяпсизми?


— Ҳа, камида ўрта маълумот. Ўрта таълимнинг ўзи ҳам, дунёнинг айрим бошқа минтақаларига қиёслаганда, анча сифатли — бу афзалликлардан бири.

Қолаверса, мамлакатда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд ва бу бошқа саноат тармоқларини ривожлантириш учун ниҳоятда муҳим. Барқарор ривожланишга босқичма-босқич ўтиш жараёнида Ўзбекистоннинг квадрат километрлаб қуёш станциялари қуриш, айтайлик, Устюртда деярли чексиз миқдорда шамол генераторлари ўрнатиш имконияти тобора жозибалироқ кўрина бошлайди.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқи иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бу ерда энергетикани, хусусан, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришни имкон қадар қўллаб-қувватламоқда.

— Европа инвестицияларининг минтақага кириб келишига нималар тўсқинлик қилмоқда?


— Менинг назаримда, тарихда Марказий Осиё мамлакатлари ўз қобиғига ўралиб қолган даврлар уларнинг мавқейига путур етказган ва улар тўғрисидаги ана шу, таъбир жоиз бўлса, репутацион из ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларида инвесторлар ҳуқуқларига ҳар доим ҳам риоя қилинмагани туфайли унчалик муваффақиятли бўлиб чиқмаган инвестициялар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бўлган.

Афсуски, бундай нарсалар тезда унутилмайди. Шунинг учун, бу, албатта, ишончни қайта тиклаш масаласидир. Ва мен бу борадаги вазият йилдан-йилга яхшиланиб бораётганининг гувоҳи бўляпман. Репутация тикланяпти, лекин бу барибир босқичма-босқич кечадиган жараён.

Иккинчидан, ислоҳотлар жараёнининг айримлари тўлиқ якунига етказилмаган. Бунга, масалан, тадбиркорлик соҳасидаги ва умуман, қонунчилик билан боғлиқ жараёнларни киритиш мумкин.

Бу борада қонун ижодкорлиги жуда жадал тус олган, чунки Ўзбекистонда ҳам, кўплаб қўшни давлатларда ҳам иқтисодиётда йирик ижтимоий ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш зарурати бор. Бу ижобий ҳолат ва биз буни кўриб турибмиз. Бир томондан, бу жуда яхши. Лекин иккинчи томондан, бу ҳуқуқий ноаниқликни келтириб чиқаради.

Инвестор маълум бир шартлар асосида кириб келади, бироқ кейинчалик бу шартлар ўзгаради. Вазият яхши томонга ўзгарган тақдирда ҳам, бу «бугун яхшиланди, эртага эса яна аввалги ҳолига қайтиши мумкин» деган таассуротни уйғотади. Менимча, бу кўпроқ психологик муаммо.

Ва, албатта, навбатдаги масала — бу инфратузилманинг етарлича ривожланмагани ҳамда ўзаро боғлиқлик муаммосидир. Агар бу ерда бирор нарса ишлаб чиқарилса, унинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини бошқа жойга экспорт қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Транспорт инфратузилмасининг, хусусан, Марказий Осиёни Европа Иттифоқи билан боғлайдиган йўлакларнинг етишмаслиги ёки қуввати пастлиги — барча инвестицияларни Транскаспий йўлагини, Жанубий Кавказ ва Қора денгиз орқали Европага чиқадиган йўлакни ривожлантиришга йўналтириш режалаштирилаётганининг сабаби ҳам шунда.

Яна энергетика масаласига қайтсак. Агар инвестор ўз заводида мунтазам электр узилишларига дуч келса ёки қишда технологик жараён, иситиш ва ҳоказолар учун газ ололмаса, бу, албатта, унинг иштиёқини сўндиради.

Шу боис Европа Иттифоқи энергетика ривожини — ҳам янги қувватлар яратишни, ҳам электр узатиш тармоқларини модернизация қилишни қўллаб-қувватлайди ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашда давом этади. Чунки ҳозир Ўзбекистонда етарлича энергия ишлаб чиқарилмоқда, бироқ электр энергиясини истеъмолчига етказиб бериш баъзан муаммоли кечяпти. Электр тармоқларининг эскиргани бутун минтақа бўйлаб, деярли барча мамлакатларда сезиларли даражада.

Бу борада, албатта, энергия тежовчи технологиялардан кенгроқ фойдаланиш муҳим. Зеро, сарфланмаган ҳар бир киловатт, ҳар қандай ҳолатда, қўшимча ишлаб чиқарилган ҳар бир киловаттдан арзонроқдир.

— Сиз Транскаспий йўлагини тилга олдингиз, келинг, шу ҳақида гаплашсак. Европа Иттифоқи ўз маблағлари ҳисобидан инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам бермоқда. Лекин тушунишимча, тариф ва чегара масалаларини тартибга солиш бўйича йўналишда жойлашган мамлакатлар ўзаро келишиб олишлари керак? Бундан ташқари, Каспий денгизининг бироз саёзлашиб бораётгани ва паромларга навбатларнинг катталиги каби муаммолар ҳам бор. Буларни қандай ҳал қилиш мумкин?


— Охиргисидан — саёзлашув ва паромлар масаласидан бошлайман. Навбатларнинг сабаби — паромлар жисмонан етишмаслигида. Шу боис Қозоғистон ҳам, дарвоқе, эшитишимча, Ўзбекистон ҳам ҳам паром, ҳам контейнер ташувчи янги қўшимча кемаларни буюртма бериш ва қуришни режалаштирган. Назаримда, Каспий денгизи орқали ўтадиган юклар ҳажми фақат ортиб бориши инобатга олинмоқда.

Саёзлашув ростдан ҳам бор, лекин техник ечимлар ҳам мавжуд, фақат уларни амалда қўллаш керак. Бу борада ҳеч қандай янгилик ихтиро қилинмаган: шунчаки сув тубини чуқурлаштиришга мўлжалланган кемалар керак, фарватерларни мунтазам равишда чуқурлаштириб туриш лозим.

Йил бошида мен Туркманбоши портида бўлганимда, кемалар қатнови каналини ишчи ҳолатда сақлаш учун бундай кемаларнинг доимий ишлаётганига гувоҳ бўлдим. Балки, яна қандайдир қўшимча техник ечимлар бордир, лекин буларнинг барчаси ҳал этса бўладиган масалалар. Бу энг катта муаммо бўлмаслиги мумкин.

Энг катта муаммо — ҳақиқатда ўзаро келишиб олиш.

Биз айрим муваффақиятли мисолларни кўряпмиз. Масалан, Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорлик айнан шу йўналишга — паром плюс темирйўлга оид. Қўшма умумий тариф сиёсати ва бу транзит йўналишини имкон қадар осонлаштириш юзасидан келишувга эришилган.

Буни тўсиқ деб айтмаган бўлардим, лекин яна бир қўшимча қийинчилик — бу божхона хизматларининг ишлаш тезлигидир. Бутун йўлак бўйлаб фаолият юритувчи барча божхона хизматларида мутлақо бир хил талаблар бўлиши керак, токи юк жўнатувчи ҳар бир чегарада бутунлай бошқа ҳужжатлар тўпламини тайёрлашига тўғри келмасин ва товар ўз ҳаракатини тўсиқларсиз давом эттира олсин.

Яъни, электрон кузатув ҳужжатларига ўтиш зарур. Бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўп ва бу техник масалалардан кўра кўпроқ ўзаро ишонч масаласига бориб тақалади.

Яна ўша гапга қайтамиз: қўшнилар бир-бирига ишониши керак ва бундан ҳамма фақат ютади.

— Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда яна бир манфаатдор соҳаси — критик муҳим хомашёлар. Айтинг-чи, ҳозирда минтақалар ҳамкорлигининг ушбу йўналиши қандай ривожланмоқда?


— Ҳамкорлик йўлга қўйилган ва ишланмалар олиб борилаётган лойиҳалар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон билан уранни қазиб олиш ва бирламчи қайта ишлаш соҳасида шундай лойиҳалар бор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мис қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида муҳим иштирокчи. Жуда яхши биламизки, миссиз электр энергиясидан маҳрум бўламиз — ҳозир барча симлар ундан ясалади.

Бошқа критик муҳим материалларга келсак, минтақада биз дуч келаётган асосий муаммолардан бири — ишончли геологик маълумотларнинг йўқлиги. Бу ерда бутун Менделеев жадвали борлигини тахминан биламиз. Лекин айнан қаерда ва қандай концентрацияда экани — бу жуда катта савол.

Совет даврида бу ерда олиб борилган геологик қидирув ишлари бўйича маълумотларнинг аксарияти Россия Федерациясида сақланади. Англашимча, минтақадаги мамлакатларнинг барчаси ҳам турли сабабларга кўра бу маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Шу сабабли, албатта, минтақадаги геология-қидирув ишларини қўллаб-қувватлаш зарур. Шунингдек, тупроқ намуналарини кимёвий элементлар мавжудлигини аниқлаш учун жойида таҳлил қилиш имконини берадиган минтақавий лаборатория ташкил этиш ҳам керак, токи бу намуналарни минтақадан ташқарига олиб чиқишга ҳожат қолмасин.

Бу Европа Иттифоқи жуда фаол қўллаб-қувватлаётган лойиҳалардан биридир. Лаборатория Қозоғистонда ташкил этилади, лекин у Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун тўлиқ очиқ бўлади, чунки ҳар бир мамлакатда бундай лабораторияни барпо этиш ҳаддан ташқари қиммат ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Бу ушбу минерал ресурсларни ўзлаштиришни осонлаштириш учун биз иш олиб боришимиз мумкин бўлган яна бир йўналишдир.

Ички инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ҳам зарур. У ёки бу элементнинг конлари мавжуд бўлса, ажойиб, албатта, лекин улар бориш қийин бўлган ҳудудда жойлашган бўлса, бу умумий ишга унчалик ёрдам беролмайди. Бунда нафақат транспорт, балки энергетика жиҳатидан ҳам қулайлик бўлиши лозим.

Тоғ-кон саноати ва бойитиш ишлари технологик жараёнларда кўп миқдорда сув истеъмоли билан боғлиқ бўлгани учун сув ресурсларидан фойдаланиш имконияти ҳам бўлиши керак. Бу оқова сувларни тозалаш ва қайта ишлаш янада муҳимроқ, токи улардан кейинчалик ҳеч бўлмаганда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлсин, яъни уларнинг нормал табиий айланмага қайтарилишини таъминлаш лозим.

Шундай қилиб, критик муҳим хомашё — айнан Европа тажрибаси, Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқилаётган технологиялар жуда қўл келиши мумкин бўлган соҳалардан бири. Чунки уларда атроф-муҳитни ва ишчилар саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари аллақачон «ҳисобга олинган».

Шу боис, назаримда, бу соҳада технологиялар алмашинуви ҳамкорлик учун деярли чексиз салоҳиятга эга.

— Иқтисодиётда эришилган тараққиётга одамларнинг ҳаракатчанлиги соҳасида ҳам эришиш учун Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигида нима ўзгариши керак? Ҳозир Марказий Осиёнинг ўзида ҳам мамлакатлар турлича виза шартларига эга. Масалан, Қозоғистон Шенген визаларини олиш учун соддалаштирилган тартибга эришиб бўлди…


— Ҳали эришгани йўқ, музокаралар ҳали давом этяпти.

— Ўзбекистон бунга яқинлашиши учун нима қилиши лозим?


— Бу жуда кенг қамровли масала. Европа Иттифоқининг виза режимини соддалаштириш бўйича музокараларни бошлашга тайёр ёки тайёр эмаслигини белгилайдиган омиллардан бири — бу мавжуд миграция хатарларидир.

Гап, жумладан, амалдаги миграция қонунчилигини бузиш ва суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳамда кўлами ҳақида бормоқда. Ўйлайманки, ҳозирги статистика бўйича Қозоғистон фуқаролари Европа Иттифоқининг иммиграция қонунчилигини бузиш васвасасига энг кам учраётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу, албатта, бундай музокараларни бошлаш ва ўтказиш тўғрисидаги қарорга таъсир қилади. Яқин кунларда соддалаштирилган виза режими бўйича музокаралар якунланиши мумкинлигига чин дилдан умид қиламан.

Лекин бундай имконият, умуман олганда, кўп жиҳатдан Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг ўзларига — уларнинг қонунга қанчалик итоаткор бўлишига ва Европа Иттифоқининг миграция қонунчилигига қай даражада риоя этишига боғлиқ.

Бугунги тадбир ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг, умуман, Марказий Осиёнинг инвестициявий жозибадорлигини оширди. Агар бу ерда имкон қадар кўпроқ муносиб иш ўринлари яратилса, одамлар Европа, АҚШ, Россия ёки Форс кўрфази мамлакатларидан яхшироқ ҳаёт излашига ҳожат қолмайди.

Шу билан бирга, одамлар ўртасидаги ўзаро алоқаларга келсак, биз таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда давом этамиз. Бунга Европа Иттифоқи ва Erasmus+ дастурининг барча иштирокчи-давлатлари томонидан кўрсатиладиган кўмак ҳамда Horizon дастури доирасидаги илмий ҳамкорлик киради.

Имкониятлар чексиз эмас, лекин улар кўп. Эҳтимол, биз шунчаки улар ҳақида яхшироқ маълумот беришимиз ва мавжуд имкониятлардан янада фаолроқ фойдаланишимиз керакдир.

Шунингдек, Европа Иттифоқи фуқароларининг Марказий Осиёга ташриф буюриб, бу ердаги ҳаёт қандай эканини, шарқона экзотика замонавий турмуш тарзи билан қай даражада уйғунлашганини ўз кўзлари билан кўриш имконияти ҳам ниҳоятда муҳим.

Нега бу муҳим? Чунки улар — сайловчилар. Улар Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ўзлари сайлаган вакилларга, Европа Парламентига, депутатларга таъсир ўтказадиган одамлардир. Шунда сиёсий қарорлар, масалан, виза режимини соддалаштириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда, улар халқ томонидан қўллаб-қувватланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.