Унинг сўзларига кўра, гиёҳвандлик воситалари «инсон ҳаёти, оилалар ва болалар саломатлигини барбод қилади» ҳамда «мамлакат генофонди ҳамда унинг келажагига берилган тўғридан-тўғри зарбадир».
Қонун билан илгари қонунчиликда алоҳида назарда тутилмаган бир қатор хавфли наркожиноятлар шакллари учун илк бор жавобгарлик жорий этилмоқда. Улар қаторига яширин нарколабораторияларлар ва бангихоналар ташкил этиш, наркожиноятларга ҳомийлик қилиш, наркотикларни трансмиллий усулда ёки интернет ёрдамида тарқатиш киради.
«Энди бу каби жиноятларга қўл урган фуқароларга 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади. Уюшган наркожиноятчилик учун жазо чоралари қарийб икки баравар оғирлаштирилди», — деди Саида Мирзиёева.
У гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларни шартли равишда муддатидан илгари озод қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
«Олдин наркожиноятларни содир этган шахслар қисқа вақтларда озодликка чиқиб, ўз жиноий қилмишларини давом эттириб юраверган. Энди бундай бўлмайди. Янги қонунга кўра, наркожиноятларни содир этган шахслар муддатидан олдин озодликка чиқарилмайди. Яъни улар жазони тўлиқ ўтайди», — деди у.
Саида Мирзиёева, шунингдек, вояга етмаганларни гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб этиш эндиликда оғир жиноят сифатида малакаланиши ва бунинг учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, таълим муассасалари, мактаблар, талабалар ётоқхоналари ва болалар оромгоҳларида вояга етмаганларни наркожиноятларга жалб қилган шахслар 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Бу ҳужжат фақат жиноятчиларни жазолаш учун эмас, балки халқимиз саломатлиги ва генофондини ҳимоя қилиш, ёшларимизни фожиали йўлдан асраб қолишга қаратилган қонундир», — дея таъкидлади Президент администрацияси раҳбари.
Саида Мирзиёева ота-оналарга мурожаат қилиб, уларни наркожиноятчиликка қарши курашдан четда турмасликка чақирди.
«Ҳурматли ота-оналар, кўриб турганингиздек, давлат наркожиноятларга қарши қақшатқич кураш эълон қилди. Бугун Президент администрацияси қошида наркотикларга қарши республика махсус ишчи гуруҳи фаол ишлаяпти. Нарколабораториялар, уюшган наркожиноий гуруҳлар йўқ қилинмоқда», — деди у.
«Лекин ушбу кураш сизнинг ёрдамингизсиз бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бирингизни фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлмасликка, ушбу курашда давлатга ёрдамчи ва таянч бўлишга чақириб қоламан. Зеро, болаларимиз келажаги — бу миллатимиз келажагидир», — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.
У ўз нутқини қуйидаги сўзлар билан якунлади: «Ушбу бало ҳеч бир оилага зарар келтирмасин».
Президент Шавкат Мирзиёев январь ойи охирида бўлиб ўтган йиғилишда наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши курашиш учун масъул бўлганларда наркоканаллар ва ҳомийларнинг асл манбасига етиб бориш учун қатъият етишмаётганини таъкидлаган эди. Ўшанда Ўзбекистонда уч ой ичида 50 га яқин йирик наркогуруҳ аъзолари қўлга олингани ва ярим тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилингани хабар берилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.