Тошкентда БМТнинг Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича янги дастури имзоланди

Тошкентда БМТнинг Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича янги дастури имзоланди

Тошкентда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасида 2022−2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури имзоланди. Дастурнинг бюджети 90 млн долларни ташкил этади.

24 ноябрь куни Тошкентда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси (UNODC) Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари билан Марказий Осиёда 2022−2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги дастурини имзолади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Тошкентда ташриф билан бўлиб турган БМТ Бош котиби ўринбосари, UNODC ижрочи котиби Геда Вали янги дастурнинг имзоланиши бу соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини беришини таъкидлади. Бошқарма маълумотларига кўра, янги дастурнинг умумий бюджети 90 млн долларни ташкил қилади.

Унинг сўзларига кўра, UNODC Афғонистондаги вазият ва унинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири, айниқса, август ойидан бери наркотик моддалар ишлаб чиқаришнинг ўсишда давом этаётгани ва бу мамлакат хавфсизлигига бўлган хатарларни диққат билан кузатишда давом этади.

«Газета.uz»да реклама

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов UNODC дастурининг 2015−2021 йилларга мўлжалланган аввалги босқичи гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашда ўз самарасини берганини эътироф этди.

Вазирнинг таъкидлашича, умумий қиймати қарийб 15 млн долларлик миллий ва минтақавий миқёсдаги лойиҳалар, жумладан, идоралараро мобил гуруҳлар ва чегара ҳудудида идоралар ташкил этилиши, шунингдек, контрабанданинг умумий қиймати 14,6 млн долларлик 100 дан ортиқ оғир ҳолатларини аниқлаш ва чек қўйишга муваффақ бўлган учта порт назорат пунктининг очилиши бунга яққол мисол бўла олади.

«Ишончим комилки, биз бу ўта масъулиятли ва кечиктириб бўлмайдиган ишга янги туртки бериш билан бирга, бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам замин ярата оламиз», — дея қўшимча қилди Абдулазиз Камилов.

Аввалроқ Афғонистонда 2021 йилда афюн ҳосили ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошгани, бу эса бутун дунё бозорларининг Афғонистон томонидан 320 тоннага яқин соф героин билан тўлдирилишига олиб келиши мумкинлиги хабар қилинганди.

БМТ Бош котибининг махсус вакили ва Афғонистонга ёрдам кўрсатиш бўйича миссияси (UNAMA) раҳбари Дебора Лайонс БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Афғонистондаги иқтисодий вазиятнинг янада ёмонлашиши гиёҳванд моддалар айланмаси, қурол-яроғ савдосини кучайтиради ва терроризмнинг тарқалишига олиб келади, дея таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.